13:37 / 08.10.2021
8377
«Хавфсизликка таҳдидларга қарши бошқа таъсирчан воситалар ҳам бор» – Комилов Ўзбекистоннинг КХШТдаги иштироки тикланиши борасида

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан чиқиши ортидан юзага келган вазият Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)даги иштироки қайта тикланишига сабаб бўлиши борасидаги фикрларга муносабат билдирди.

Абдулазиз Комиловнинг фикрича, ташқи тажовуз ҳолатида қуролли кучлардан фойдаланиш ҳуқуқи инкор этиб бўлмайдиган ҳодиса ва аксарият мамлакатларнинг хавфсизлик соҳасидаги миллий концепциялари ҳамда турли бирлашмалар доктриналарининг ажралмас қисми ҳисобланади.

«Ўзбекистон эса ҳамиша барча масалаларнинг, айниқса, узоқ ўн йилликлар мобайнида барча қўшни мамлакатларда ташвиш уйғотиб келган Афғонистондаги низонинг тинч йўл билан ҳал этилишини ёқлаган ва ёқлайди. Биз афғон муаммосини ҳал этишнинг ҳарбий йўли йўқлигини доимо таъкидлаб келганмиз. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида бу нуқтайи назарга кўпчилик хайрихоҳлик қилмоқда. Афғонистондан халқаро коалиция қўшинлари олиб чиқилгани ҳам бизнинг ёндашувимиз тўғри эканини кўрсатди.

Биз Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, жумладан, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатимиз ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тўғрисида бир неча бор баёнот берганмиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимиз ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга экани ҳам амалий жиҳатдан ўта муҳимдир. Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли бормоқда, миллий армиянинг ҳарбий-техникавий базаси мустаҳкамланмоқда», – дейди вазир.

Шунингдек, Комилов муайян таҳдид ва хавф-хатарларга ҳарбий иттифоқлар ва ташкилотлар воситасида қарши туриш мумкинлигини ҳам қайд этди.

«Бироқ хавфсизликка нисбатан таҳдидларга тўқнаш келганда фақат ҳарбий куч йўлини танлаш ҳамиша ҳам кутилган натижани бермайди. Ахир самарадорлиги кам бўлмаган ва ҳатто кўпгина ҳолатларда хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда лозим даражада таъсирчан бошқа воситалар ҳам бор-ку. Ана шундай воситалардан бири, бу — дипломатия.

Превентив дипломатия усуллари ўтган даврда ўзининг фойдали эканини кўп бор тасдиқлаган, ҳозирги пайтда ҳам амалий кучини, жумладан, Афғонистондаги янги вазиятга ёндашувларда тасдиқламоқда. Бу ерда гап фақат икки томонлама дипломатия ҳақида бораётгани йўқ. Халқаро миқёсда кўп томонлама даражада миллий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга қаратилган сиёсий-дипломатик механизмларнинг бутун бошли тизими яратилган ва у доимий равишда ривожланмоқда», дейди вазир.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов Марказий Осиёда минтақа мамлакатлари йирик шериклар билан мулоқотининг «5+1» шакли, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, ХХР, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Япония билан муносабатларда платформалар борлигини билдирди.

«Шу билан биргаликда, минтақада КХШТдан ташқари, МДҲ ва ШҲТ сингари ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатмоқда, уларнинг доирасида долзарб масалалар, хусусан, минтақавий хавфсизлик таъминланишига, шунингдек, Афғонистон муаммосига доир масалалар муҳокама этилмоқда», дея қўшимча қилди вазир.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – ҳарбийлаштирилган минтақавий халқаро ташкилот ҳисобланиб, 1992 йил 15 май куни Тошкентда имзоланган халқаро битим доирасида тузилган. Унга собиқ совет иттифоқининг тўққиз республикаси аъзо бўлиб кирганди. Ҳозирда бу ташкилотга фақат Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон биринчи марта 1999 йил 2 апрелида ушбу ташкилотдан чиқиб кетган. Кейинчалик, АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатлар совуқлашиши ортидан 2006 йил 16 августда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолиги тўлиқ тикланади.

2012 йил 28 июнида Ўзбекистон бу ташкилотдан яна чиқиб кетади ва қайтиб қўшилмади. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг шартномадан чиқиши сабабларини очиқламаган.

2012 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга аъзолиги тақиқланган ва бу концепция ҳозирда амалда.

Жорий йилнинг 12 июль куни бўлиб ўтган брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов шерик давлатларнинг Ўзбекистондан КХШТдаги аъзолигини тиклаш масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлари бўйича маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирган.

Top