22:35 / 10.10.2021
32323
Яккасарой туманида юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этди

10 октябрь куни тахминан соат 20:40 ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида Lacetti русумли автомобил симёғочга бориб урилган. ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ Яккасарой туманида рўй берган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида маълумот берди.

Маълум қилинишича, бугун 10 октябрь куни тахминан соат 20:40ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида Lacetti русумли автомобилда бошқарувни йўқотиб, симёғочга бориб урилган. Ҳайдовчи 19 ёшли фуқаро экани айтилмоқда.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ва машинадаги уч йўловчидан бири оғир тан жароҳатлари олиб воқеа юз берган жойда вафот этган. ЙТҲ чоғида Lacetti’да бўлган яна икки нафар йўловчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.

Тўқнашувдан сўнг автомобиль ёниб кетган ва ёнғин ҳодиса гувоҳлари томонидан ўчирилган. Айни пайтда ҳодиса қурбонлари ва жабрланувчиларининг шахсига ойдинлик киритилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Top