09:00 / 12.10.2021
8082
Чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар

Таъсирчанлик ва самара

Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши чорвачилик соҳасида янгича тизим йўлга қўйилишига асос бўлди.

Мазкур қарор натижасида мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган эди.

Қўмита томонидан бугунги кунда чорвачиликда наслчилик ишларини яхшилаш икки муҳим йўл билан амалга оширилмоқда.

Биринчи йўл – аҳоли қарамоғидаги сигир ва таналарни сунъий уруғлантириш орқали уларнинг маҳсулдорлиги ва зотдорлигини яхшилаш бўлса, иккинчи йўл четдан наслли қорамоллар келтириш ҳисобига юқори маҳсулдор подаларни кўпайтириш.

Шу боис, соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи осеменаторлар, дъюар идишлари, микроскоп, техник сумкалар ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Бугунги кунда наслли буқаларнинг чуқур музлатилган сифатли уруғи Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибидаги “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси томонидан ишлаб чиқарилиб, суюлтирилган азот билан биргаликда жойларга етказиб берилмоқда.

Корхонада чорвачилиги ривожланган чет давлатлардан келтирилган юқори маҳсулдор буқаларнинг Қизил ва Қора ола Голштин, Симментал, Швиц, Англер, Абердин-ангус, Шароле ва бошқа зотлардан наслчилик-селекция ишларида кенг фойдаланилмоқда ва ички эҳтиёжни уруғ билан таъминлаш тўлиқ кафолатланган.

Сунъий уруғлантиришнинг афзаллиги шундаки, бу усул орқали маҳаллий моллардан олинган бузоқлар тез етилувчан бўлиб, тана вазнининг тез ўсиши билан ажралиб туради. Иқлим шароитига адаптация қилиш талаб этилмайди, шунингдек касалликларга чидамли бўлади. Маҳаллий қорамолларни сунъий уруғлантириш натижасида I-авлодда 25 фоиз, II-авлодда 50 фоиз, III-авлодда 75 фоизга зотдорлиги яхшиланади ва маҳсулдорлик ортади.

Таъкидлаш керак, ўтган 2020 йилда республика бўйича 2 млн. бошдан ортиқ сигирлар сунъий уруғлантирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2 млн. 400 минг бошга етказилади. Олиб борилган ишлар натижасида мамлакатимиздаги мавжуд қорамоллар наслини яхшиланиш даражаси 2020 йилда 41 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 54 фоизни ташкил этмоқда, бу ишлар келгусида босқичма-босқич давом эттириб борилади.

Эпизоотик барқарорлик – долзарб вазифа

Республикада эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни ўтказиш учун бу йил жами 1200 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унга 4799 та мутахассис ва ходимлар бириктирилди. Ишчи гуруҳ ишини мувофиқлаштириб бориш бўйича республика, вилоят ва туман штаблари ташкил этилди.

Профилактик тадбирлар бўйича календар режа асосидаги тизим яратилиб, бугунги кунга қадар йирик шохли молларнинг 8,9 млн боши ва майда шохли молларнинг 13,0 млн боши, шунингдек, 297,7 минг бош бошқа тур ҳайвонлар куйдиргига, йирик шохли молларнинг 5,9 млн боши нодуляр дерматитга, 2,6 млн боши оқсилга, 2,8 млн бош қорасонга, 849,4 минг боши лептоспирозга, майда шохли молларнинг 2,9 млн боши оқсилга, 15,4 млн боши бруцеллёзга, 3,1 млн боши чечакка, 965 минг боши брадзотга, 59,0 минг боши лептоспирозга, 125 минг бош қуёнларнинг геморрагик иситмасига, 11,4 минг бош туялар ўлатига ҳамда 8,4 млн бош паррандалар Нюкьасл касаллигига ва рўйхатга олинган 2,5 млн бош ит ва мушуклар қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди.

Шу билан бирга, 3,2 млн бош йирик ва 1,1 млн бош майда шохли моллар бруцеллёзга ва йирик шохли молларнинг 1,7 млн боши туберкулёзга диагностик текширилди ҳамда 13,7 млн бош йирик ва 19,5 млн бош майда шохли моллар эктопаразитларга қарши профилактик ишлов берилди. Чорва моллари сақланадиган 672,1 мингта бинода дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари ўтказилди.

Манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудида мавжуд биологик чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари хатловдан ўтказилди. Хатлов натижасига кўра, уларнинг жойлашуви бўйича координатлари белгиланди.

Маҳсулот етиштирган чорвадорлар биринчи марта субсидия олди

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12-июлдаги “Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бўйича чорвачилик тармоқларидаги тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тизими жорий этилган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 июнидан паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм, чорвачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм, балиқчилик хўжаликларига — интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3000 сўм қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.

“Ўзбекчорванасл” агентлиги томонидан жорий йил сентябрь ойи якунигача 51 та тадбиркорлик субъектига 3 099,1 млн. сўм субсидия маблағи ажратилиши таъминланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 11 та субъектга 49,6 млн. сўм, Андижон вилоятида 5 та субъектга 874 млн. сўм, Бухоро вилоятида 4 та субъектга 1 045,5 млн. сўм, Самарқанд вилоятида 17 та субъектга 711,2 млн. сўм, Сирдарё вилоятида 11 та субъектга 199,5 млн. сўм ва Хоразм вилоятида 3 та субъектга 219,7 млн. сўм субсидия ажратилди.

Таъкидлаш керак, мамлакатимиз тарихида биринчи марта маҳсулот етиштирган чорвачилик субъектларига субсидия бериш тизими жорий этилди. Бу эса бозор иқтисодиёти шароитида чорвачилик маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олиш ва нархини стабиллаштиришда энг тўғри ёндашувдир. 

 Чорва молларининг ичак маҳсулотлари Европа давлатларига экспорт қилинади 

Қўмита мутахассислари ва Европа Иттифоқи комиссияси Соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бош директорати ўртасида бўлиб ўтган мунтазам мулоқот давомида мазкур келишувга эришилди.

Дастлаб Иттифоқ комиссияси томонидан чорва ҳайвонлари ичак маҳсулотлари экспорти учун тақдим этилган сўровномалар тегишли тартибда тўлдирилиб баҳолаш учун юборилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи масъул вакиллари томонидан Ўзбекистон давлат ветеринария хизмати аудити ўтказилди. Евроиттифоқнинг 2021 йил 29 сентябрида ушбу аудит натижалари эълон қилинди. Ва мамлакатимиз Иттифоқнинг 27 та аъзо давлатларига ичак маҳсулотлари экспорти учун авторизациядан ўтганлиги маълум қилинди.

Қорамол териси хомашёси экспортига қўйилган тақиқ бекор қилинди

Қўмита мутахассисларининг Украина республикаси Давлат ветеринария хизмати мутасаддилари билан олиб борган мулоқотлари натижасида юртимиздан Украинага қорамол терисидан олинадиган хомашёлар экспорти учун қўйилган вақтинчалик тақиқ бекор қилиниб экспортга рухсат этилди.

Жорий йилнинг май ойида Украина давлат ветеринария хизмати экспертлари томонидан мамлакатимизда ветеринария аудити ва инспекцион ўрганишлари ташкил этилганди. Биринчи босқичда Сирдарё туманидаги “Peng Sheng Charm” қўшма корхонаси ҳамда Қибрайдаги “Shosh Charm Plyus” масъулияти чекланган жамияти Украинага экспорт қилувчилар реестрига киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўзимизда етиштирилаётган чорвачилик маҳсулотларини дунё бозорига олиб чиқиш борасида концептуал “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top