22:58 / 14.10.2021
3011
АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши таркибига қайтди

АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши таркибига қайтди. Мамлакат ундан 2018 йил июнда собиқ президент Дональд Трамп вақтида чиққанди.  

Фото: AP

БМТ Бош ассамблеяси 14 октябрда 18 та давлатни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка 3 йиллик муддатга сайлади. Ушбу давлатлар орасида АҚШ ҳам бўлган.

Кенгашга номзод барча давлатлар: АҚШ, Камерун, Эритрея, Гамбия, Бенин, Сомали, Қатар, БАА, Қозоғистон, Ҳиндистон, Малайзия, Аргентина, Парагвай, Гондурас, Люксембург, Финляндия, Литва ва Черногория унга сайланган.

Ҳаммаси бўлиб кенгашга 47 та давлат кириб, улардан учдан бир қисми ҳар йил қайта сайланади.

АҚШга 168 та давлат овоз берган. “Биз кенгашнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш ишида тўлиқ ҳажмда иштирок этамиз. Бизнинг мақсадлар аниқ – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш ва бу ҳуқуқларни бузувчилар ҳамда уларни суиистеъмол қилувчиларга қарши курашишдир”, деб таъкидлаб ўтган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд.

АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга тўлақонли аъзо сифатида 2009 йилда қўшилган. 2018 йил июнда АҚШнинг ўшандаги президенти Дональд Трамп мамлакатнинг кенгаш таркибидан чиққанини маълум қилган. Бироқ амалдаги президент Жо Байден 2021 йил январда ўз лавозимини бажаришга киришгач, АҚШ кенгашга қайтишини эълон қилган. Ташкилот қоидаларига кўра, кенгашга сайловлар ва унинг таркибининг янгиланиши анъанага кўра фақат октябрда бўлиб ўтади.  

 

Top