11:05 / 01.11.2021
3305
Ўзбекистон аёлларнинг шахсий хавфсизлиги бўйича рейтингда кучли ўнталикка киритилди
Фото: Жамшид Норқобилов/ ЎзА

Ўзбекистон аёлларнинг шахсий хавфсизлиги бўйича рейтингда кучли ўнталикка киритилди. Бу ҳақда Жоржтаун университети тадқиқоти натижаларида маълум қилинган.

Бирлашган Араб Амирликлари эса аёлларнинг шахсий хавфсизлиги бўйича дунёда етакчи давлатга айланди. Жоржтаун университети тадқиқотига кўра, БААдаги аёллар дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда ушбу мамлакатда ўзларини хавфсизроқ ҳис қилади.

Кучли ўнталикка Арманистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам кирди. «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» рейтинги уч йил давомида тузилади. Бу йил БААда яшовчи аёлларнинг 98,5 фоизи ўз яшаш жойида тунги вақтда ёлғиз юрганда ўзини хавфсиз ҳис қилишини айтган.

Сўров 15 ёшдан ошган қизлар ва аёллар ўртасида ўтказилди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, хавфсизлик ҳисси аёлнинг ҳаракатчанлигида ҳал қилувчи рол ўйнайди ва ўз уйининг остонасидан ташқарида имкониятлар излаш қобилиятига таъсир қилади.

Тадқиқотнинг мақсади аёллар иш жойларидан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, қарорлар қабул қилишда иштирок этганда ва низоларни ҳал қилишда қатнашганда, дунё қандай ўзгариб боришини кўрсатишни ўз ичига олади.

2021 йил июль ойида Global Finance журнали томонидан тузилган, дунёдаги энг хавфсиз давлатлар рейтингида Бирлашган Араб Амирликлари иккинчи ўринни эгаллаганди.

Рейтингда учта асосий омил ҳисобга олинган: ҳарбий можаролар мавжудлиги, шахсий хавфсизлик, табиий офатлар хавфи ва COVID-19 пандемияси билан боғлиқ жиҳатлар. БАА фаол эмлаш кампанияси туфайли рейтингда етакчилардан бирига айланган. 

Аввалроқ, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зўравонликка учраган хотин-қизлар учун ишонч телефони ва ботни ишга туширганди.

Бундан олдинроқ Nemolchi.uz лойиҳаси талаба Муштарийбону Камилованинг мурожаатини эълон қилганди. Унга кўра, 18 октябрь куни ушбу талаба Зулфия номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Юлдашевнинг хонасига кирган ва у шу ерда ҳужумга учраган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент давлат педагогика университети талабасини зўрлашга қаратилган хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани ҳақидаги хабар Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва натижалари маълум қилинади.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан 19 октябрь куни ЖКнинг 118- (номусга тегиш) ва 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, у 23 октябрь куни қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

Top