10:52 / 02.11.2021
2866
2 ноябрь — Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни

Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни ҳар йили БМТ халқаро кунлари тизими бўйича 2 ноябрда нишонланади.

Фото: FREE SPEECH

Ушбу кун 2013 йилда Бош Ассамблея томонидан журналистлар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ бўлган ва жамиятнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини топтайдиган хавотирли ҳолатга дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш учун таъсис этилган.

Бу сана франциялик икки журналист таҳририят топшириғига биноан Малидаги қуролли можарони ёритиш пайтидаги ўлими билан боғлиқ. Айнан 2013 йилнинг 2 ноябрь куни Гислен Дюпон (Ghislaine Dupont) ва Клод Верлон (Claude Verlon) жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган.

Бу воқеа жамоатчилик эътиборида акс-садо берганидан сўнг, БМТ матбуот ходимларига нисбатан зўравонлик ва уларнинг ўз фаолиятини бажаришга тўсқинлик қилишни қоралаб чиқувчи ҳужжатни қабул қилди.

Жазосизликка қарши курашнинг диққат марказда туриши журналистика соҳасидаги хавотирли ҳолат билан боғлиқ. 2006-2020 йиллар давомида дунёда долзарб воқеаларни ёритган ва жамоатчилик эътиборига янгиликларни етказган 1200 нафардан ортиқ журналист ўлдирилди.

Хавотирли томони шундаки, ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистларга қарши қилинган жиноятларнинг фақат 10 фоизида судларда ҳукм чиқарилган. Қолган 90 фоизида жиноятчилар ресурсларнинг етишмаслиги ёки жиноят содир қилинган давлат раҳбариятида сиёсий ирода йўқлиги боис жазосиз қолган.

Бундай жазосизликнинг оқибатлари ҳам бор – жазосизлик туфайли жазосизлик юзага келади ва ёпиқ доирани ҳосил қилади. У журналистларни қўрқувга солади, жиноятчиларга эса дадиллик беради, жамиятга салбий таъсир кўрсатади, ҳукуматларга цензурани давом эттиришга йўл очади. Жамиятнинг суд тизимига ишончини йўқотади.

Top