21:02 / 04.11.2021
9551
Ўзбекистон китоб дўконларида энг бозори чаққон китоблар қайсилар бўлмоқда?

Китоб дўконлари ва интернет дўконлардан ёшлар энг кўп харид қилаётган китоблар қайсилар? Қуйидаги кичик тадқиқот энг бозори чаққон китоблар ва уларнинг қисқача мазмуни ҳақида.

Asaxiy.uz’да нима гаплар?

Asaxiy.uz интернет дўконида ёшлар орасида сўнгги 2-3 ой ичида ва йил давомида ҳам Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романи китобхонлар орасида энг оммабоп асар, деб топилган. Бу асарнинг оммабоп ва халқчил бўлиши сабаби таълим ва ижтимоий муаммолар кўтарилгани, айниқса, талабалар ҳақида ёзилгани учун десак муболаға бўлмайди.

Роман воқеаларини қисқача сўзлар билан ифода этиб бўлмайди. Сизни ўтмиш ва келажак куйига асир қилади, ўйлатади, йиғлатади ва аччиқ-аччиқ кулдиради. Ўтган аср бошида Германияда ўқиган талабалар, уларнинг маслаги ва фожиали қисмати бугунги ёшлар мақсади билан бир тарозида тортилади.

Ҳалис Карабенлининг «Баъзилар олисдан севарлар» асари ҳам китобхонлар томонидан энг кўп ўқилган китоб ҳисобланади. У «Самога боқ, дуо қил, ҳаётни сев, қўшиқ куйла, ёмғирда сайр қил, баҳорни сев, улғайма, жилмай, табассум қил, чунки шу туришда гўзалсан» деган мисралар билан бошланади. Шуниси билан китобхонлар эътиборини тортган десак адашмаймиз.

iBook.uz’да Амина Шенликўғлининг асарлари энг кўп сотилди

iBook.uz интернет тармоғи орқали китобхонлар томонидан асарлари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхатида Амина Шенликўғлининг китоблари биринчи ўринда турибди.

Бу адибнинг қайси асарини ўқиманг, ҳаммасида инсонни камолотга чорлайдиган, эътиқодни мустаҳкамлайдиган панд-насиҳатларни учратамиз.

Айниқса, «Мария» асарини ҳеч бир муболағасиз эътиқод улуғланган буюк обида дейиш мумкин. Ушбу асарни адиб ҳаётий воқеа асосида ёзган. Асар воқеалари Германия ва Туркияда бўлиб ўтган. Унинг асосий қаҳрамони насроний қиз Мария асар бошида ирқчи, ҳатто миллатчи шахс сифатида кўзга ташланади. Лекин вақт ўтиши билан у бошқа ирқ ва миллат вакиллари ҳам ўзлари каби инсон эканлигини англаб етади.

«Имомнинг манекен қизи» ҳам Амина Шенликўғли қаламига мансуб бўлиб, аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда ҳамда маънавий қолоқ бўлиб қолмаслигида илмли бўлишнинг аҳамиятини яққол кўрсатиб берувчи асар ҳисобланади.

Акром Маликнинг «Ҳалқа» қиссаси ҳам китобхонлар томонидан энг кўп ўқилган асар ҳисобланиб, унда бутун дунёдаги мусулмонлар учун оғриқли гаплар, воқеалар ва нуқсонлар ҳеч бир кўнгли очиқ мусулмоннинг дилини оғритмасдан қўймайди.

Бу асарларни, асосан, 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар харид қилишган. Уларнинг асосий қисмини Фарғона, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё ҳудудидаги китобхонлар ташкил этади.

Book.uz’нинг харидоргир китоблари

Book.uz китоб дўконидан олинган маълумотларга кўра, ёз ойлари ва ўтган сентябр-октябр ойлари давомида энг яхши ва кўп сотилган китоблар қуйидагилар:

Зарифа Саидносирова — «Ойбегим менинг» номли китоби нафақат биографик асар, балки тарбиявий аҳамияти катта бўлган, жонли ва ёрқин тасвирларга эга чиройли муҳаббат қиссасидир.

Китобни ўқиган ҳар бир ўқувчи қалбида Ойбекдек улуғ адиб ва улуғ инсонга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғулари пайдо бўлади. Китобда, Ойбекдан ташқари, яна бир асосий қаҳрамон бор. Бу бутун ҳаётини Ойбекка бағишлаган, унинг машаққатли қисматини енгиллаштиришга интилган, унга муносиб ёр бўлган Зарифа опанинг ўзидир. Бу Ойбекнинг шахсий ҳаётигина эмас, балки бир-бирига муносиб икки улуғ сиймонинг севги ва вафо достони ҳисобланади.

Бу асарни 18–40 ёш оралиғидаги аудитория кўпроқ сотиб олган. Асарнинг ўзини 6 мингдан ортиқ киши харид қилган.

Мурот Тўсун — «Олим етиштирган оналар». Бу китобда улуғ зотларнинг оналари фарзанд тарбиясида қандай йўл тутгани, қанчалар азоб-уқубат тортгани ҳақида ҳикоя қилинади. Шундай экан, ҳар бир она ҳақида ўқиб, алоҳида ўгит оламиз. Бу асарни 19-38 ёш оралиғидаги аудитория вакиллари кўпроқ сотиб олишган.

Малала Юсуфзай — «Мен Малаламан». Ушбу китоб аёл-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишда юзага келган қийинчиликлар тасвирланган, қизларнинг мактабга боришини қўллаб-қувватлаши ортидан ўзи дуч келган тазйиқ-у таҳдидлар ҳақидаги автобиографик қиссадир. Бу асарга 21-42 ёш оралиғидаги аудитория кўпроқ қизиқиш билдирган.

Бу китоблар 2 минг нусха атрофида дўкондан ва онлайн тарзда харид қилинган.

«Академнашр»нинг энг кўп сотилган китоблари

«Академнашр» орқали китобхонлар томонидан асарлари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхатида Анвар Нарзуллаев юқори ўринда турибди. Унинг «Пайтонда дастурлаш асослари» китоби дастурлаш асосларига оид ўзбек тилидаги илк энг мукаммал қўлланмалардан бири ҳисобланади.

Китобнинг ҳар бир бўлими учун махсус видеодарслар ёзилган бўлиб, уларга китобда кўрсатилган QR-код орқали ўтиш мумкин. Дарслар бўйича амалий машғулотлар ва уларнинг жавоблари Github платформасига юкланган. Қўлланма Пайтон дастурлаш тили асосида ёзилганига қарамай, дастурлашга илк қадам қўяётган барча ихлосмандларга тавсия этилган.

Бу дўкон орқали энг кўп сотилган китоблардан яна бири Рахшона Аҳмедованинг «Соябон остида» номли ҳикоя ва қиссалар китобидир. Унда адибанинг жаҳонгашталиги, кўп юртлар ва одамларни ўргангани, кузатгани билинади. Япон, корейс, хитой халқларининг характери, дунёқараши ва ҳаётга муносабатини ўша заминда кўриб, ҳис этиб, юрагидан ўтказиб, кейин ёзгани бир неча ҳикояларида яққол сезилади.

Зоҳидбек Турдиалиев — «Супер математика». Ушбу китоб математиканинг долзарб масалаларига бағишланган. Турли мураккабликдаги масала ва мисолларни ечиш йўллари берилиши ўқувчига қулайлик туғдиради. Китоб олий ўқув юртларига тайёргарлик кўраётган абитуриентлар, ўқувчи ёшлар ва уларнинг устозларига мўлжалланган.

Ноила Искандарова тайёрлади. 

Top