18:02 / 08.11.2021
8117
Бишкек ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида етакчи бўлди

Қирғиз экологларининг сўзларига кўра, қиш фаслида уйлар мўриларидан чиқадиган ҳамда кўмирда ишлайдиган ИЭС ва автомобиллар тутуни Бишкекда ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларидир.

Фото: Акылбек Батырбеков

Қирғизистон пойтахти Бишкек дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлари рейтингида Деҳлини ортда қолдирди, деб маълумот берди World Air Quality лойиҳаси.

Қайд этилишича, 8 ноябрь куни Бишкек ҳавосидаги PM2.5 микродисперс зарралар миқдори бир куб метрга 259 микрограммни (мкг) ташкил этиб, дунёдаги меъёрдан 10 бараварга ортиқ бўлган.

Иккинчи ўринга Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри (202 мкг), учинчи ўринга Покистоннинг Лоҳур шаҳри (167 мкг) жойлашди.

Кейинги ўринларда Ҳиндистоннинг Калькутта (155 мкг) ва Покистоннинг Карачи шаҳарлари турибди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларига кўра, РМ2.5 зарраларининг суткалик миқдори бир куб метрга 25 мкгдан ошмаслиги лозим.

Қирғиз экологларининг сўзларига кўра, қиш фаслида уйлар мўриларидан чиқадиган ҳамда кўмирда ишлайдиган ИЭС ва автомобиллар тутуни Бишкекда ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларидир.

Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳудудларида чанг бўронлари кузатилганди.

Top