23:09 / 09.11.2021
5748
Европа Иттифоқида ноқонуний миграция билан шуғулланувчи мафиоз тузилма бор — Лукашенко
Фото: president.gov.by

Беларусь президенти Александр Лукашенко Европа Иттифоқида Яқин Шарқдан қочқинларни Беларусь орқали бошқа давлатларга транзит қилувчи мафиоз тузилма борлигини айтди. Сиёсатчи “Национальная оборона” журнали бош муҳаррири Игор Коротченкога берган интервьюсида Польша ва Литва чегарасида юзага келган миграция муаммосига шундай изоҳ берган.

“Мигрантлар келиб, чегарага йўл олмоқда. Мана кеча, бу биринчи марта бўлиши, 2 мингга яқин мигрант Беларуснинг турли жойларида – Минскда, ўрмонларда тўпланди. Уларни бу жойларга келтиришган. Ушбу транзитни муайян одамлар таъминламоқда: улар мигрантларни самолётга ўтқазмоқда, самолёт бу ерга келмоқда, сўнгра улар чегарага олиб борилмоқда ва ундан ўтказиб қўйилмоқда. Нариги томонда уларни ўзларининг одамлари – поляклар, немислар, украинлар қабул қилмоқда. Буларнинг барчаси маълум ҳақ эвазига қилинмоқда”, деб айтган Лукашенко.

Унинг айтишича, “бу иш билан немислар ва асосан поляклар ҳамда украинлар ва литваликлар, яъни муайян мафиоз тузилма” шуғулланмоқда. 

“Қочқинларнинг Германия, Франция, бошқа давлатларда ячейкалари мавжуд. Улар бир-бирига қўнғироқ қилишади — “келинг, сизни кутиб оламиз”. У ерда уларни аллақачон кутишмоқда”, деб ўз сўзларини давом эттирган Беларусь раҳбари.

Унинг фикрича, мигрантлар Европа давлатларига кўр-кўрона эмас, балки манзилли йўл олмоқда.

“Улар мавҳум жойга, фазога йўл олишмаяпти. Мигрантлар Германияда уларни кутаётган аниқ одамлар олдига йўл олишмоқда – кимнингдир у ерда яқинлари, дўстлари ва яна кимларидир бор. Агар кимдир улар минг километрлаб телбаларча югуряптилар деб ўйлаётган бўлса, адашади – бу тентаклик. Барчаси пухта ташкиллаштирилган. Беларусь бунда фақатгина бир оралиқ босқич”, деб таъкидлаб ўтган Беларусь президенти.

Айни вақтда Литва ва Польша Беларусь ҳудудидан мигрантлар оқимига тўқнаш келган. Август охирида Польша ноқонуний муҳожирларга қарши кураш мақсадида Беларусь билан чегарада тиканли сим ўрнатган. Литвада эса чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, девор ўрнатила бошланган.

8 ноябрда Беларусь ва Польша чегарасидаги Брузги-Кузница назорат-ўтказиш пункти яқинида юзлаб қочқинлар тўпланди. Минск ва унинг қўшнилари ўртасида миграцион инқироз бошланганидан буён бу ерда қочқинларнинг бу қадар катта оқими кузатилмаган. Варшава бунга жавобан чегарадаги 12 мингдан ортиқ ҳарбийни жанговар ҳолатга келтирган.

Top