22:10 / 11.11.2021
26339
Беларусь ва ЕИ чегарасида нималар бўлмоқда? Асосий саволларга жавоблар

Беларусь ва Польша чегарасидаги миграция кескинлашишда давом этмоқда. Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан келган минглаб кишилар Польшага ўтишга ҳаракат қилишмоқда. BBC рус хизмати бу одамлар бу ерда қандай қилиб пайдо бўлиб қолгани ҳақидаги асосий саволларга жавоб излади.

Фото: Леонид Щеглов/БелТА/ТАСС

Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, 9 ноябрь куни Минск халқаро аэропортига Истанбул, Бағдод ва Дубайдан ўнга яқин рейс учиб келган (бу сайт чартер парвозларни ҳамиша ҳам қайд этмайди).

Аввалги кунларда бўлгани каби бу рейсларнинг аксар йўловчилари - Беларусь ҳукумати овоза қилмаган ҳолда қўллаётган, бу мамлакат ҳудудидан Европа Иттифоқи давлатларига бориш учун транзит пункт сифатида фойдаланишни мақсад қилган мигрантлардир.

Қисқача: миграция инқирози қандай бошланди
2020-2021 йилларда Беларусь ҳукумати 76 давлат билан визали режимни бекор қилди ёки соддалаштирди. Бундай давлатлар қаторида - урушлар ва қуролли низолар қамраб олган ҳамда тинч аҳолиси кетишга ҳаракат қилаётган Сурия, Ливия, Ироқ ва Афғонистон каби давлатлар ҳам бор эди.

Сурия, Ироқ ва Туркиядаги туристик агентликлар Беларусга саёҳатларни реклама қилиб, шу билан бирга турар жой ва ЕИ давлатларида иш таклиф этишга киришди. Минтақада кенг фойдаланиладиган WhatsApp мессенжерида шу каби юзлаб таклифлар пайдо бўлди.

Бундай «саёҳат» таклиф этилган шароитларга қараб 10 минг доллардан 20 минг долларгача туради. DW нашри ўз суриштирувида Беларусь консулликлари шундай турфирмаларга саёҳатчиларнинг паспортларига Беларусь визаларини қўйиб бериш ҳуқуқини ҳам берганини аниқлади.

2021 йилдан Беларусга Яқин Шарқ мамлакатларидан авиарейслар сони кескин ошди. ЕИ давлатлари, масалан, Франция ТИВ бу турфирмалар таклифлари айнан Беларусь ҳукумати ташаббуси эканини тахмин қилди.

Мигрантлар қаерлардан келмоқда?
2021 йил ёзида бу борада Ироқ етакчи эди. Сентябрда ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ушбу мамлакат раҳбарияти билан Беларусга рейслар сонини қисқартириш бўйича келишувга эришди.

Эндиликда ЕИга Беларусь орқали ўтиб олишга уринаётган мигрантларнинг асосий қисми Сурия шимолидаги курдлардир. Ўз мамлакатида уларга ҳам ҳукумат, ҳам ИШИД жангарилари таҳдид солади.

Шунингдек, Ливия, Афғонистон, Яман ва Африканинг қатор давлатлари, сиёсий ва диний сабабларга кўра қуролли низолар бўлиб турган Конго ва Эфиопия каби давлатлардан ҳам қочқинлар кўп.

Улар Беларусь-Польша чегарасигача қандай етиб келган?
Аввалига «Белавиа», «Турк ҳаво йўллари» ва «Қатар ҳаво йўллари», шунингдек, FlyDubai лоукостери рейслари орқали. 

Сўнгги кунларгача қочқинларга, агар керак бўлса, визалар аэропортнинг ўзида берилди.

Қочқинлар Минск аэропортида. Шаҳарликларнинг сўзларига кўра, кўплаб мигрантлар ер ости ўтиш йўлларида ва турар жойлар подъездларида яшамоқда

Аэропортларда парвоз олдидан бу йўловчиларнинг қочқинлигини аниқлашнинг амалда имкони йўқ. Уларнинг пули бор, барча ҳужжатлари жойида, устидаги кийимлари рисоладагидек - авиакомпанияларда йўловчиларни рейсга қўймаслик учун ҳеч қандай асос йўқ.

Кейин бўладиган воқеалар эса - ёпиқ ҳудуд. Лекин кўриниб турибдики, мигрантларнинг аэропортдан Минскка олиб келиниши, кейин Литва ёки Польша чегарасига олиб борилиши яхши ташкиллаштирилган. Қочқинларнинг ўзи Минскка учиш давомида олган видеолардан ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Аммо айнан ким ташиллаштирганини аниқ қилиб айтиш имконсиз.

Қочқинлар чегарани қандай кесиб ўтмоқда?
Миграция инқирози аввалида Польша ва Литва чегарачилари қочқинларни чегарадан ўтказишаётган ва уларни махсус жойларга жойлаштираётганди. Шу билан бирга, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари дарҳол Беларусни қочқинлар оқимини уюштиришда айблаб чиққанди.

Чегарани ҳар куни дастлаб юзлаб, кейин минглаб одамлар кесиб ўта бошлагач, Польша ва Литва уларни ўтказишни тўхтатди ва чегара симтўсиқлар билан мустаҳкамланди.

Мигрантлар сони ўсгач, чегарада симтўсиқлар ўрнатилди. GETTY IMAGES

Энди чегарани фақат ноқонуний йўл билан кесиб ўтиш мумкин ва кўплаб қочқинлар шундай йўл тутишмоқда. Улар ёки чегарачиларнинг тўсиқларини бузиб ўтишмоқда (9 ноябрь куни икки нуқтада шундай ҳолат кузатилди), ёки яхши қўриқланмаётган участкаларни қидиришмоқда. Беларусь ва Польша чегараси узунлиги қарийб 400 километрни ташкил этади ва унинг аксар қисми ўрмон ва ботқоқликлардан ўтган.

Беларуслик чегарачилар ҳақида нима дейиш мумкин?
Сўнгги ойлар ва ҳафталарда қочқинларнинг ўзлари ўнлаб видеоларда айтишича (Литва ва Польша ҳукуматлари томонидан эълон қилинган), Беларусь чегара хизмати қочқинларни чегарани ноқонуний йўл билан кесиб ўтишга мажбурлаган.

Беларусь чегара хизмати сайти миграция инқирози бўйича изоҳ бермоқда, лекин бу баёнотларда кўплаб қочқинлар чегарадан ўтиш учун виза кераклиги ҳақида тушунчага эга эмаслиги таъкидланади. «Беларусь ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича тўлиқ ҳажмда иш олиб бормоқда. Унинг сабабларини эса ЕИ давлатлари ҳудудлардаги рангли инқилобларни қўллаб-қувватлашидан излаш керак, шундай ҳаракатлар туфайли бу ҳудудларда одатий турмуш тарзи бузилиб кетган ёки ҳамон урушлар давом этмоқда», дейилади муассаса сайтида.

Чегара хизмати ходимларидан бири «Наша Нива» нашрига аноним тарзда берган интервьюсида ўзи ишлайдиган муассаса фаолиятини «қонунлар ва қасамёдни тўлиқ девальвация қилиш» деб баҳолаган.

Фото: Леонид Щеглов/БелТА/ТАСС

Мигрантлар якунда қаерга бормоқчи?
Польша ва Литва ҳам қочқинлар учун - транзит давлатлар. Улар ўзларининг кўплаб қариндошлари ва танишлари яшовчи Германия, Франция, Австрия ва Нидерландияга етиб олишни кўзлашган.

Германия ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатга Беларусь орқали камида 5 минг киши келишга улгурди.

Беларусда ҳам қочқинлар қоладими?
Ҳа, аммо ҳукумат уларнинг аниқ сони ҳақида бирор маълумот бермаган. Минскда яшовчиларнинг хабарига кўра, юзлаб мигрантлар савдо марказларида, ер ости ўтиш йўлларида ва барча шаҳарлардаги кўп қаватли уйларнинг подъездларида яшашмоқда.

Эҳтимол шу туфайли вазият назоратдан чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида Беларусь ҳукумати сўнгги кунларда мамлакатга келиш шартларини қатъийлаштирган бўлиши мумкин. Хусусан, нисбатан муаммоли давлатлар фуқароларига аэропортда виза бериш бекор қилинди: Сурия, Эрон, Афғонистон, Нигерия ва Яман.

Россиянинг миграция инқирозида иштироки борми?
Евроиттифоқ давлатларидаги кўплаб амалдорларнинг ҳисоблашича, ҳа. Масалан, Польша бош вазири Матеуш Моравецкий шундай деди: «Лукашенко сўнгги ҳужумнинг ижрочиси саналади. Аммо бу ҳужумнинг Москвада ўтирган буюртмачиси бор. Бу буюртмачи - президент Путин».

Россия ҳукумати бу айбловни қатъиян рад этди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Моравецкийнинг сўзларини асоссиз ва қабул қилиб бўлмас сўзлар деб атади.

Top