23:21 / 25.11.2021
18376
Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига мурожаат билан чиқди

Ортиқхўжаев қатор хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун бир нечта масъулларга нисбатан кескин чоралар кўрилгани, хусусан, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига мурожаат билан чиқди.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Обод маҳалла” дастури амалга оширилишида йўл қўйилган қатор хато ва камчиликларни изоҳлашга сўз йўқ.

“Дастурлар, чора-тадбирларни албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда айрим масъулларда фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз шаҳрига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси етмаяпти”, деди у.

Ортиқхўжаев қатор хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун бир нечта масъулга нисбатан кескин чоралар кўрилгани, хусусан, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилганини маълум қилди.

Шунингдек, Учтепа тумани ҳокимининг қурилиш ҳамда коммунал масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам лавозимидан озод этилган. Туман ҳокимига эса ҳайфсан берилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Жаҳонгир Ортиқхўжаев хусусан, ўз мурожаатида қуйидагиларга эътибор қаратди:

  • Тошкент шаҳрида “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида хиёбонлар ташкил этиш, дарахт кўчатларини экиш, уларни парвариш қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
  • Маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб бориб ташлаш, санитария қоидаларига риоя қилиш, ёшлар ушбу масалада эътиборли бўлишларини фуқаролар онгига сингдириб бориш;
  • Кўп қаватли уйлар олдидаги бетартиб панжаралар ва ўзбошимча ўрамалар, панжараларни бартараф қилиш, хазонлардан тозалаш, тўпланиб қолган маиший ва бошқа турдаги чиқиндилар олиб чиқиб кетилишида назорат ишларини кучайтириш;
  • Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, бошқарма, ташкилот ва идораларнинг ўз ички ҳудудларида ва туташ ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, мавжуд дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ишларига ҳар куни бир соатдан вақт ажратиш.

“Шаҳримизда яна бир долзарб муаммо борки, у ҳам бўлса ноқонуний, ўзбошимча қурилишларни амалга ошириш, ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олиш каби масалалардир.

Сўнгги кунларда шаҳарда бундай ноқонуний қурилишлар кўпайиб кетгани, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бундай қурилишларни бартараф этиш мақсадида суд идораларига мурожаат қилдик. Суд томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунда барча туманларда ноқонуний, ўзбошимча қурилган бино-иншоотлар бартараф этилмоқда”, деди Тошкент шаҳри ҳокими.

Top