10:36 / 26.11.2021
6229
2020 йилдан буён Ўзбекистонда газ баллонлари ўрнатилган машиналарда 17та портлаш ҳолати содир бўлган 

2020 йил ва жорий йил 10 ойи давомида Ўзбекистон бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 17 та портлаш ҳолати содир бўлган. Бу ҳақда Фарғона шаҳрида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Фото: Senat.uz

Қайд этилишича, бугунги кунда Фарғона вилоятида жисмоний шахсларга тегишли 341 820 та автотранспорт воситасининг 249 664 таси, яъни 73 фоизи ва 31 814 та юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларининг 29 214 таси, яъни 91,7 фоизи газ баллонлари билан жиҳозланган.

Йиғилишда маълум қилинишича, жорий йил 22 май куни Фарғона вилояти, Қува туманида фуқаро А.Т.нинг ВАЗ-2101 русумли транспорт воситасига мутасадди идораларда қайта рўйхатдан ўтказмасдан сифатсиз газ баллони ўрнатилгани оқибатида газ қуйиш шохобчасида (газ тўлдирилаётганда) портлаш содир бўлган. Оқибатда икки киши жароҳатланган.

“Газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назоратнинг ўрнатилмагани ҳам нохуш ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Газ баллонларига ортиқча босимда газ тўлдирилиб, яроқлилик муддати 15 йилдан ортиқ бўлган газ баллонларидан ҳам фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 

Фото: Senat.uz

Йиғилишда газ баллонли автомобиллардаги портлаш ҳолатлари учун таъсирчан жавобгарлик чораларининг масъуллар, хусусан ускуналарни ўрнатувчи ва уларни синовдан ўтказувчи субъектлар вакиллари, шунингдек транспорт воситалари эгаларига қўлланилмаётгани ҳам уларнинг тез-тез содир бўлишининг сабабларидан экани қайд этилди”, дейилади хабарда. 

Билдирилишича, шу ва бошқа муаммоли ҳолатлар юзасидан мажлис якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Top