22:53 / 29.11.2021
12884
Толиблар Афғонистон шимолида ҳарбий-ҳаво кучларининг илк машғулотини ўтказди

Машғулотларда Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 ва АҚШ собиқ ҳукуматга тақдим этган MD вертолётлари қатнашган.

Фото: TOLOnews

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Балх вилоятида ҳарбий-ҳаво кучларининг илк машғулотини ўтказди. Бу ҳақда ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Омонуддин Мансурга таяниб TOLOnews телеканали хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, машғулотларда Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 ва АҚШ собиқ ҳукуматга тақдим этган MD вертолётлари қатнашган.

Аввалги ҳарбий-ҳаво кучлари аскарлари, айниқса, техник ходимлар ҳозирда Афғонистон ислом амирлиги ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилмоқда, деди Мансур.

Омонуддин Мансурнинг таъкидлашича, аввалги ҳукумат даврида хизмат қилган, аммо мамлакатдан қочиб кетган учувчилар Афғонистонга қайтиши лозим.

“Мамлакатни тарк этганлардан қайтишларини ва ўз халқига хизмат қилишларини сўраймиз. Улар яна ҳарбий-ҳаво кучларига қабул қилинади”, - деди у.

Мансурнинг қўшимча қилишича, тез кунларда барча аэропортлардан соз ва шикастланган вертолётлар ҳамда хизмат қилишга тайёр учувчилар сонини аниқлаш мақсадида маълумотлар олинади.

Top