20:02 / 09.12.2021
21221
Ҳиндистон бош штаби бошлиғи ҳалок бўлди. У АҚШнинг «қимматли ҳамкори», Россиянинг эса «жуда яқин дўсти» эди

63 ёшли Бипин Рават Ҳиндистоннинг биринчи Mудофаа штаб бошлиғи бўлган. 2019 йилда яратилган ушбу лавозим армия, денгиз флоти ва ҳаво кучлари қўмондонликларини бирлаштирарди. У Хитойни кескин танқид қилиб, уни Ҳиндистон хавфсизлигига таҳдид солаётган асосий душман деб биларди.

Чоршанба куни Ми-17Б5 вертолёти қулаши оқибатида Ҳиндистон армиясининг олий ҳарбий қўмондони, Мудофаа штаби бошлиғи генерал Бипин Рават, унинг рафиқаси ва яна 11 киши ҳалок бўлди. У 2017 йилдан 2019 йилгача 1,3 миллионлик Ҳиндистон армиясига қўмондонлик қилган. Мудофаа штаб-квартираси раҳбари сифатида Хитойни кескин танқид қилиб, уни Ҳиндистон хавфсизлигига таҳдид солаётган асосий душман, деб атаган.

Вертолёт қулашидан фақат бир йўловчи омон қолган. Фото: ANI

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг таъкидлашича, генерал Рават Вашингтон учун жуда ҳам «қимматли ҳамкор» бўлган.

«Генерал Рават АҚШ-Ҳиндистон мудофаа ҳамкорлигида ўчмас из қолдирди ва Ҳиндистон қуролли кучларини янада интеграциялашган жанговар ташкилотга айлантириш ишларининг энг марказидаги шахс эди», дейди Остин ўз баёнотида.

Россиянинг Ҳиндистондаги элчиси Николай Кудашевнинг сўзларига кўра, унинг мамлакати «жуда яқин дўсти»ни йўқотган.

У ўз Тwitter саҳифасида шундай деб ёзди: «Жаноб Рават икки томонлама махсус ва имтиёзли стратегик шериклигимизни ривожлантиришда катта рол ўйнади. Биз Ҳиндистон билан бирга қайғурамиз. Алвидо, дўстим! Алвидо, қўмондон!»

Европа Иттифоқининг Ҳиндистондаги элчиси Уго Астуто ҳам Тwitter’даги саҳифасида генерал Рават ва у билан бирга ҳалок бўлган бошқа ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

Ҳатто Покистоннинг олий ҳарбий офицерлари ҳам «фожиали ўлим» сабаб Ҳиндистонга ҳамдардлик билдиришган.

Хўш, Бипин Рават ким ва қайси хизматлари учун бу каби ҳурматга сазовор бўлган?

Генерал Бипин Рават 63 ёшда эди

Бипин Рават Ҳиндистоннинг энг юқори даражадаги мудофаа амалдори эди. У 2019 йилда мамлакат Мудофаа штаби бошлиғи (Chief of Defence Staff ,CDS) этиб тайинланган. Бундан аввал эса ҳинд армиясига раҳбарлик қилган.

63 ёшли Рават илҳомлантирувчи қўмондон сифатида мамлакатда катта обрўга эга ҳисобланиб, баъзи сиёсий воқеаларга билдирган муносабатлари  баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Бипин Рават 1958 йил 16 мартда Ҳиндистон шимолидаги Уттаракханд штатида туғилган. Унинг отаси Ҳиндистон армиясининг генерал-лейтенанти, онаси эса сиёсатчининг қизи бўлган.

Миллий мудофаа коллежи ва Ҳиндистон ҳарбий академиясидаги ҳарбий таълими даврида генерал Рават «Фахр қиличи» ордени билан тақдирланган.

Шунингдек, у Канзас штатидаги Қўшма Штатлар армияси қўмондонлиги ва Бош штаб коллежида ўқув курсларини тамомлаган.

Шундан сўнг, у баланд тоғларда жанговар ҳаракатлар ва қўзғолонларга қарши операцияларга ихтисослашган ҳарбий қисмда бир қанча муҳим лавозимларда ишлаган. Фаолиятининг асосий қисмида мамлакатнинг нотинч ҳудудларидаги бўлинмаларга қўмондонлик қилган.

Хусусан, 1980 йилларда, армия полковниги сифатида, Хитой билан ҳарбий қарама-қаршилик сабаб мамлакат шимоли-шарқидаги ҳарбий батальонга, баҳсли Кашмир вилоятининг Ҳиндистон қисмидаги бир қанча операцияларга қўмондонлик қилган. Ҳиндистоннинг хорижий мамлакатга юборилган биринчи ҳарбий операциясига бошчилик қилган.

Кашмирда фуқарони ҳарбий жипнинг олд қисмига боғлаб қўйган армия зобитини медал билан тақдирлагани учун халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътирозларига учраган.

Генерал Рават зобитнинг ҳаракатларини «ифлос урушдаги янгилик» деб таърифлаган ва уни ҳимоя қилиб чиққанди.

2019 йилда Нарендра Моди ҳукумати Ҳиндистон армияси, денгиз флоти ва ҳаво кучлари ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш мақсадида Мудофаа штаби бошлиғи (Chief of Defence Staff ,CDS) лавозимини жорий қилади ва унга айнан Бипин Рават тайинланади. Янги раҳбарга ҳарбийларни молиялаштиришни назорат қилиш ҳам топширилади. Рават ҳукмрон партияга яқинликда гумонланиб, тез-тез танқидларга дуч келган, аммо ҳар доим бу айбловларни рад этган.

Танқидчиларнинг сўзларига кўра, унинг баъзи баёнотлари Ҳиндистон армиясининг «сиёсий» анъаналарига зид келади.

Сўнгги ойларда генерал асосий эътиборни армияни модернизация қилишга қаратган эди. Рават бошчилигида ҳарбий интеграция жараёни бошланиб, учта кучни бирлаштириб, ягона қўмондонликни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда эди.

Top