21:31 / 11.12.2021
12546
Хотин-қизларга гап отганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилди

Хотин-қизларнинг орқасидан кузатиб юриш, уларга гап отиш ва бошқа нафсониятга тегадиган сўз ишлатганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин. Адлия вазирлиги, шунингдек, хотин-қизларнинг интим ҳаёти дахлсизлигини бузиш бўйича алоҳида модда киритишни таклиф қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Қизлар ва аёлларни таъқиб ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликка таклиф тайёрланмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Kun.uz'га хабар қилди.

Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, қонунчиликда “таъқиб этиш” (stalking), яъни қизларни, аёлларни орқасидан кузатиб юриш тушунчаси киритилмаган ҳамда бу ҳолатдан ҳимояланиш механизмлари ҳам йўқ.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка “таъқиб этиш” (stalking) тушунчасини киритиш ва таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қонунчиликда иш ва ўқиш давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар иш берувчисининг ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмагани туфайли бундай ҳолатларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни чеклаш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Таҳлилларда хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, айниқса интим ҳаёт дахсизлигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрагани аниқланган. Шуни инобатга олиб, аёлларнинг шахсий ҳаётига турли тажовузларнинг олдини олиш мақсадида, шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик жорий этиш назарда тутилмоқда.

Яна бир муаммо сифатида аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлари зўравонликка учраётган аёлларни тўлиқ қамраб ололмаётгани келтирилган. Буни ҳал қилиш учун соҳага хусусий тадбиркорларни жалб қилиш, хусусан, тадбиркорларга ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмалар каби турли йўналишларда имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, аёлларга гап отиш ва бошқа нафсониятга тегадиган изоҳлар беришни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш, шу билан бирга аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Қўшимча қилинишича, Белгия, Португалия, Аргентина, Канада, Янги Зеландия ва АҚШ каби давлатларда бундай ҳаракатлар майда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 750 еврогача жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, шу йил августда аҳолининг турли ёшдаги қатламлари ўртасида жамоат транспортида тегажоғлик ҳолатлари юзасидан ўтказилган махсус сўровнома якунларига кўра, иштирокчиларнинг 12,5 фоизи доимий равишда, 40 фоизи эса бир ёки икки марта жамоат транспортларида шу каби ҳолатлардан жабрланганини маълум қилган. Бу ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи жамоат транспортларида тегажоғликка дуч келганда хабар берувчи тугмалар ўрнатилган.

Аввалроқ, Тошкентда метро вагонида 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган шахс жиноий жавобгарликка тортилганди.

Top