17:31 / 17.12.2021
8694
«Толибон» билан ҳар учрашувда бу масалани кўтараман» — Эргашев Афғонистонда ўзбек тили чекланиши ҳақидаги хабарларга тўхталди
Фото: Sputnik Афганистан

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги этник ўзбекларга зуғум ўтказилаётгани ва она тилларини ўрганишга нисбатан тақиқлар жорий қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Баъзи манбаларда Афғонистондаги ўзбекларни қийнаш, шароитларини ёмонлаштириш, она тилини ўрганишларига рухсат берилмаётгани ҳақидаги нотўғри маълумотлар тарқаляпти.

Мен «Толибон» ҳукумати билан бўлган ҳар бир учрашувда бу масалани кўтараман. Қўлимга тушган ҳар бир маълумотни текшириб боришга ҳаракат қиламан.

Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, Афғонистон ҳукумати вакили Абдул Салом Ҳанафий ҳам менга айтди: «Хотиржам бўлинг, Афғонистон шимолидаги мактаб дастурларидан ўзбек тилини олиб ташламаймиз, у сақланиб қолади».

Шунингдек, «Толибон» ҳукуматидаги маданият вазири билан ҳам гаплашдим. У айтяпти: «Биз сиз билан аввалги ҳукуматимизнинг тил, адабиёт ва маданият борасидаги барча келишувларига содиқмиз, уни давом эттирамиз. Масалан, афғон ерларида бўлган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Машрабнинг қабрларини сиз билан биргаликда обод қиламиз». Бу масалалар доимий назоратимизда бўлади», деди Эргашев.

  • Август ойининг иккинчи ярмида Кобул «Толибон» қўлига ўтгач, Афғонистонда ўзбек тили мактаб дастуридан чиқариб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалган, кўп ўтмай Ўзбекистон ТИВ расмий баёнот бериб, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асоссиз эканини билдирганди.
  • Октябрь ойида эса Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комиловнинг Афғонистонга ташрифи вақтида толиблар Афғонистонда ўзбек тили ривожланишига ҳам кафолат бергани маълум қилинганди.
Top