14:14 / 24.12.2021
15993
Қозоғистон Ўзбекистонга 172 млн долларлик янги йўл қуришни режалаштирмоқда

Қозоғистон Ўзбекистонга 75 миллиард тенге (172 миллион доллар) эвазига йўл қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги LS нашрига маълум қилди.

Фото: Depositphotos

Вазирлик маълумотларига кўра, декабрь ойида икки давлат вакиллари Қизилўрда-Учқудуқ автомобиль ва темир йўли қурилиши режасини имзолаган. Магистраль йўл узунлиги 280 километрни ташкил этиши, жумладан, 140 километри Қозоғистон ҳудудидан ўтиши кутилмоқда. 

2024-2025 йилларда йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, 2025 йилдан эса икки-уч йил ичида йўл қурилишини бошлаш режалаштирилган. 

«Магистраль йўл қурилишининг смета қиймати 75 миллиард тенге, жумладан, назорат-ўтказиш пункти қурилиши учун 5 миллиард тенгени ташкил этади», — дейилади Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги хабарида. 

Вазирликнинг тахминига кўра, бу йўл Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштиради. Йўл Қизилўрда – Жезқозон – Павлодар – Россия чегараси халқаро коридорининг бир қисми бўлади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қизилўрда – Учқудуқ янги темир йўл линиясини қуриш ташаббуси билан чиқмоқда. Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланган. Техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлил ўтказиш қолган. 

Бироқ, бу икки давлатнинг режаларидаги ягона темир йўли эмас. 

Сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун 2021-2024 йилларда Туркистон-Чимкент-Тошкент тезюрар автомобиль йўлини қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг энг йирик тарихий-маданий марказларини бирлаштиради, йўловчи ташиш ҳажмини йилига 1,9 миллион йўловчига етказади. 

Шунингдек, 115 км узунликдаги Ўзбекистон темир йўл линияларига чиқадиган Дарбоза – Мақтарал темир йўл линиялари қурилиши ҳам ишлаб чиқилмоқда. Давлат режасида мазкур лойиҳага 161,8 миллиард тенге маблағ ажратиш кўзда тутилган. 

Top