20:12 / 03.01.2022
35117
Шимолга қочиш. Фаррош иккинчи бор КХДР чегарасини бузиб ўтди, у ўлдирилиши мумкин

Жанубий Корея фуқароси Шимолий Кореянинг қаттиқ муҳофаза қилинадиган чегарасини бузиб ўтди. Бу КХДРга қочиш билан боғлиқ камдан кам ҳолатлардан бири.

Фото: Getty Images

1 январ куни номаълум шахс Шимолий Корея чегарасидан ноқонуний йўл билан ўтди. Бу КХДР чегарасини бузиб ўтиш билан боғлиқ кам сонли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Қочоқни Корея яриморолини ажратиб турувчи демилитаризация ҳудудида маҳаллий вақт билан соат 21:20 да сезиб қолишади. Бу ҳақда Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган кенгаши хабар берган. Қочоқнинг тақдири номаълум.

11 соат давом этган қидирувларга қарамай, қочоқ чегарани кесиб ўтишга муваффақ бўлган. Расмий Сеул қочоқнинг кейинги тақдири ҳақида маълумотга эга эмаслиги, аммо КХДРга уни ҳимоя қилишни сўраб сўров юборганини маълум қилди.

Коронавирус пайдо бўлганидан буён Шимолий Корея ўз чегарасида ҳимояни кучайтирган. Жанублик ҳарбийларга кўра, Шимолий Корея чегарачиларига мамлакатга коронавирус кириб келмаслиги учун чегарани бузиб ўтаётганларни отиб ташлаш ваколати берилган. Жанубий Корея мудофаа вазирлиги бу чегарани бузиб ўтиш борасидаги биринчи ҳолат бўлмагани учун қўриқлаш тизими қайта таъмирланишини маълум қилган. Қочоқ чегаранинг миналаштирилган ҳудудини кесиб ўтган. Бу ҳолатдан кейин Жанубий Корея армиясининг шимолий чегара учун жавобгар 22-махсус дивизияси кескин танқидлар остида қолган.

Жанублик ҳарбийлар шимолга чегарани бузиб ўтиш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар юборган. Шимолдан хабар олингани бўйича сигнал келган. Аммо қочоққа расмий ҳимоя тақдим этиш бўйича сўров жавобсиз қолдирилган.

Жанубий кореялик аскарлар КХДР билан чегарадаги Пхаджу шаҳри яқинидаги постда
Ahn Young-joon / AP / Scanpix / LETA

Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» ахборот агентлиги мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, воқеанинг янги тафсилотларини маълум қилди. Манбада айтилишича, қочоқ асли шимолий кореялик. У 2020 йил ноябрида жанубга чегаранинг худди ўша жойини бузиб, қочиб ўтган. 30 ёшлар атрофида экани айтилаётган қочоқ Жанубий Кореяда фаррошлик билан шуғулланган. Жанублик ҳарбийлар унинг айғоқчи эмаслигини тасдиқлашган.

2020 йил сентябрида жанубий кореялик балиқчи Шимолий Корея чегарасини босиб ўтгани учун чегарачилар томонидан отиб ўлдирилган ва жасади ёқиб юборилганди. Пхенян буни коронавирус сабаб киритилган чекловлар билан изоҳлаб, кечирим сўраганди. Шунингдек, 2020 йил июлда ҳам чегарани бузиб ўтиш билан боғлиқ можаро кузатилган. Ўшанда 3 йил аввал жанубга қочган Шимолий Корея фуқароси дренаж трубаси орқали қочади-да, 1,5 км сузиб, ватанига чегарани бузиб қайтади. Пхенян жанубдан келган бу қочоқ мамлакатга коронавирус олиб келганини иддао қилганди. Аммо Сеул бу одамда вирус аниқланмаганини таъкидлаган.

Жанубий ва Шимолий Корея чегараси дунёда энг қаттиқ қўриқланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Чегарадаги демилитаризация қилинган ҳудуд миналаштирилган, чегара тўсиқларига юқори кучланишли ток уланган. Ҳар икки томондаги чегарачилар 24 соат давомида жанговар шай ҳолатда туради. Икки давлат ўртасида 248 км узунликда ва 4 км кенгликдаги демилитаризация ҳудуди мавжуд. У ерда 2 миллиондан ортиқ мина кўмилган. Шундоқ ҳам икки мамлакат чегарасини босиб ўтиш ҳолатлари кам учрайди, аммо Пхенян томонидан коронавирус баҳонасида кучайтирилган чекловлар чегаранинг бузилиш ҳолатларини янада камайтирган.

1953 йилги Корея урушидан кейин 34 мингдан ортиқ одам Шимолий Кореядан қочгани айтилади. Уларнинг аксари Хитой ёки Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари орқали Жанубий Кореяга ўтган.

Top