14:25 / 22.01.2022
21225
UzAuto Motors Россияга «Tracker» ва «Onix» экспорт қилмоқчи

UzAuto Motors’га яқин манбаларга кўра, «Tracker» 2022 йилнинг декабри ёки 2023 йилнинг январидан, «Onix» эса 2023 йилнинг ёзидан Россияга экспорт қилина бошлайди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг UzAuto Motors автомобилсозлик компанияси Россия бозорига «Chevrolet Tracker» кроссовери ва у билан бир хил маркадаги «Onix» седанини олиб киради, деб хабар бермоқда Gazeta.ru.

UzAuto Motors’га яқин манбаларга кўра, «Tracker» 2022 йилнинг декабри ёки 2023 йилнинг январидан, «Onix» эса 2023 йилнинг ёзидан Россияга экспорт қилина бошлаши мумкин.

Ўзбекистоннинг ўзида «Tracker» кроссовери 2022 йилнинг сентябрида, «Оnix» седани эса 2023 йил мартида сотувга чиқиши мумкин. Бу ҳақда дилерлар учун ўтказилган тақдимотда маълум қилинган.

Ўлчами бўйича Hyundai Creta’га ўхшаш бўлган «Chevrolet Tracker» кроссовери Хитойда 2019 йилдан бери сотилмоқда ва нархи 119 минг юандан (1,4 миллион рубль) бошланади. «Оnix»нинг ҳам глобал миқёсидаги савдоси худди шу йили бошланган. Седан Бразилияда энг кўп сотилган автомобиль бўлиб, унинг нархи 68,3 минг реални (940 минг рубль) ташкил қилади.

Аввалроқ, «Chevrolet Оnix» автомобилининг сотуви 2022 йил охири 2023 йил бошида йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани маълум қилинганди.

Шунингдек, «Ўзавтосаноат» томонидан Асака шаҳрида «Chevrolet Onix» ва «Tracker» русумидаги автомашиналарни ишлаб чиқариш учун 427,7 млн доллар миқдорида маблағлар жалб қилиниши хабар қилинганди.

Бир неча кун олдин эса UzAuto Motors 19 январь кунидан аввал тузилган шартномалар бўйича «Chevrolet Lacetti» вa «Cobalt» автомобилларининг мижозларга магнитоласиз етказиб берилиши бўйича расмий баёнот билан чиққанди.

Top