12:37 / 23.01.2022
6125
Берлускони Италия президентлигига сайланмайдиган бўлди

Италия собиқ бош вазири, 85 ёшли Сильвио Берлускони кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган президентлик сайловида иштирок этмасликка қарор қилди. Итальян ўнгчилари коалицияси етакчиларининг онлайн-учрашувида унинг баёноти ўқиб эшиттирилган.

Фото: Getty Images

La Repubblica газетаси ёзишича, Берлускони ўз баёнотида сайловда ғолиб чиқиш учун етарлича машҳур экани, аммо «масъулият руҳи» туфайли сайловда қатнашмасликка қарор қилгани ҳақида айтган.

«Бугун Италияга бирлик керак. Мен мамлакатимга бошқачасига хизмат қиламан. Европарламентарий ва сиёсий етакчи сифатида асоссиз равишда менинг номим билан боғланган тортишувлардан қочаман», деган собиқ бош вазир.

Берлускони амалдаги бош вазир, сўровномаларда бошқа номзодлардан олдинда бораётган Марио Драгини қўллаб-қувватлаган. У Драги ҳукумати 2023 йилда бўлиб ўтадиган кейинги умуммиллий сайловларга қадар ишлашда давом этиши кераклигини айтган.

Берлускони Драги ҳукумати Евроиттифоқ ажратган маблағлар эвазига солиқ ва ҳуқуқ-тартибот органларида бошланган ислоҳотларни якунлаб қўйиши керак деб ҳисоблайди.

Римда рассом Гарри Греб томонидан ишланган «Терминатор-Б» граффитиси / Getty Images

Энди ўнглар етакчилари, жумладан Берлускони турли фракциялар депутатларини бирлаштира оладиган бетараф номзод кўрсатишга ҳаракат қилади.

Президентлик сайловининг биринчи тури 24 январда ўтказилади. Ҳозирча парламентдаги ўнглар ҳам, сўллар ҳам ўз номзодини кўрсатмаган. Ўнглар коалицияси номзоди, катта эҳтимол билан, Маттео Сальвинининг аксилиммигрант «Лига» партияси томонидан кўрсатилади.

Берлусконининг интригаси
Италия президенти душанба куни  асосан депутат ва сенаторлардан ташкил топган, тахминан минг кишидан иборат сайловчилар коллегияси томонидан танланади. Италияда президент мамлакатни бошқармайди, аммо айниқса инқирозлар вақтида сиёсатдаги муҳим модератор саналади.

Ҳозирга қадар Берлускони катта сиёсатга қайтиши масаласи очиқ турган ва кўпчиликни қизиқтириб келаётганди. Биринчидан, Берлускони учун унга қарши очилган жиноий ишлар тўсиқ бўлиши айтилаётганди.

«Юракларни синдирувчи Руби» лақабли марокашлик вояга етмаган қиз билан жинсий алоқада бўлганлик айблови Берлусконидан олиб ташланган, бироқ мазкур иш бўйича икки гувоҳни сотиб олганлик айблови сақланиб қолмоқда. Берлускони вилласида «бунга-бунга» лақабли моделлар билан жинсий алоқа қилгани ҳақида эса бутун Европа билади.

Танқидчилари Берлусконига қарши очилган жиноий ишларни унутишмаган / Getty Images

Иккинчидан, парламентдаги кучлар нисбати шундайки, Берлусконининг имкониятлари яққол эмас. Президентлик сайловида ғолиб бўлиш учун номзод овозларнинг учдан икки қисмини қўлга киритиши талаб этилади. «Олға, Италия» партияси Депутатлар палатаси ва сенатда жами 129 ўринга эга ҳисобланади. Шу билан бирга, Берлусконини парламентдаги иккинчи йирик куч, «Лига» популистик партияси етакчиси Сальвини ва бошқа ўнгчилар қўллаши аён эмас.

Берлусконининг баёноти унинг тарафдорлари томонидан ижобий муносабат билдиришди. Сальвини собиқ бош вазир «Италия ва ўнг марказчиларга катта хизмат кўрсатгани, энди улар сўлларнинг қаршилигисиз ўз номзодини илгари суриши мумкинлиги»ни эътироф этган.

Берлускони ҳукуматида ёшлар ишлари бўйича вазир бўлган, ҳозирда «Биродар Италия» партияси раиси ҳисобланган Жоржа Мелони эса унинг учун энг муҳими ўнг коалиция бирлиги эканини қайд этган.

Top