21:55 / 02.02.2022
7284
Чиқинди муаммоси бўйича янги чоралар белгиланди

Ўзбекистонда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Президент бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. 500 та махсус транспорт сотиб олинадиган бўлди.

Фото: Kun.uz

2 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари жамоатчиликка мурожаат қилди.

“Ёшлигимиздан биламизки, ота-оналаримиз ҳовлини, атрофни пок сақлаш кераклигини айтарди. Халқимиз азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган. “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур.

Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган.

Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз?

Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати қуйидагича хабар берди.

Таҳлилларга кўра, деярли барча давлатларда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бормоқда. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсмоқда.

Лекин уларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас. Мисол учун, Қорақалпоғистонда 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади, холос. 781 та маҳаллада чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. Аҳолининг бу соҳадаги хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги ҳам кўп. Тиббиёт ва таълим муассасалари, бозорлар учун 19 минг дона чиқинди контейнерларига эҳтиёж бор.

Қурилиш чиқиндиси полигонлари ташкил қилинмай, улар йўл, дала ёки дарё бўйларига ташлаб кетилмоқда. Ўтган йили 4 мингта ҳолатда қурилиш чиқиндилари нотўғри жойга ташлаб кетилгани аниқланган.

Худди шу каби, маҳалла, массив ва хиёбонлар ҳудудидаги барг ва дарахт шохларини йиғиштириш билан шуғулланадиган мутасадди йўқ. Бу масалани ҳамма бир-бирига ташлаш билан овора. Тиббиёт чиқиндиларини сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш бўйича ҳам ягона тизим мавжуд эмас.

Умуман, юртимиздаги 197 та чиқинди полигонининг бирортаси санитария ва экология талабларига жавоб бермайди, 24 таси тўлиб бўлган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимларига чиқинди полигонларини тартибга келтириш, ресурсини ўтаб бўлганларини кўмиш бўйича топшириқ берилди. Бундай полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг учун имконият ҳам яратилди. Хусусан, энди импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилади. Саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади. Бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 миллиард сўм кредит ажратилади.

Бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтилди. Қайта ишлаш қуввати бор кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланди. Бунинг эвазига уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилди.

Туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай корхоналар ташкил этиш, ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт олиб келиш, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Махсустранс” корхонаси трансформация қилиниб, унинг негизида давлат-хусусий шериклик корхонаси ташкил этилади. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший чиқиндиларга тўлов ундиришнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Органик, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилишнинг хавфсиз тизимини яратиш зарурлиги қайд этилди.

“Бу соҳани йил сайин такомиллаштириб бориш керак, чунки йил сайин янги муаммолар пайдо бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларининг ахбороти эшитилди.

Top