12:00 / 11.02.2022
10355
Денгиз томон йўл, визалар ва туризм – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбат

Сўнгги йилларда фаол ташқи сиёсат олиб боришни бошлаган Ўзбекистон Марказий Осиё ва қўшни минтақалар давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан бормоқда. Ташқи иқтисодий алоқалар географиясини кенгайтириш учун эса океандан ҳар тарафдан иккитадан давлат билан ажралиб қолган Ўзбекистон денгиз йўлларига чиқишни мақсад қилган. Бунинг учун эса энг қулай нуқталардан бири сифатида Афғонистон орқали Эрон ва Покистон портлари томон ҳаракатланмоқда.

Шунингдек, 2021 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий ўртасидаги учрашувлардан сўнг – бир қанча вақт ёпилиб қолган Туркманистон орқали Эрон портларига чиқиш масаласи ҳам олдинга силжиши кутилмоқда.

Логистикадан ташқари, икки мамлакат ўртасида фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши, минтақадаги қурғоқчиликка қарши кураш, туризм ва хавфсизлик каби масалаларда ҳамкорликнинг истиқболлари мавжуд.

Kun.uz мухбири шу каби мавзуларда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий билан суҳбатлашди.

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Наййирободий / Фото: Сенат матбуот хизмати

– Эрон Ислом Республикасининг янги президенти Иброҳим Раисийнинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон қандай ўрин тутади?

– Қўшни давлатлар билан яқин ва кенг ҳамкорлик қилиш Эрон Ислом Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Саййид Иброҳим Раисий жаноблари президентлиги бошланиши билан Эрон ташқи сиёсатидаги ушбу йўналиш алоҳида эътибор марказига айланди. Шунга кўра қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш алоҳида устуворлик касб этган. Чунки Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликлар бетакрор бўлиб, давлатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи бўла олади.

Бундан ташқари, Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларида икки давлат муносабатлари даражасини кўтаришга бўлган ирода ва интилиш мавжуд. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги яхши муносабатларни мустаҳкамловчи ва янада ривожлантирувчи омиллар ва унсурлар ҳисобланади.

– Ўзбекистоннинг келажакда денгизга чиқиш режалари орасида «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон» йўлагига ҳам эътибор қаратилган эди. Негадир бу лойиҳа секинлашиб ёки умуман тўхтаб қолгандек туюлмоқда. Ҳозир бу режалар қайси босқичда?

– Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Уммон ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлаги яратишни кўзда тутувчи тўрт томонлама Ашхобод битими 2011 йили ушбу давлатлар ўртасида имзоланган. Ушбу йўлакни ишга тушириш орқали Марказий Осиёни Форс кўрфази ва Уммон қўлтиғи билан боғлайдиган ушбу йўналишдаги қатновни енгиллаштириш мақсадида Ашхобод битимини амалга оширишни мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Ана шу асосда шу кунга қадар мазкур битимга аъзо давлатлар ўртасида бир неча экспертлик мажлиси ўтказилди.

Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий жаноби олийлари ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг ШҲТнинг Душанбе саммити ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммити доирасида амалга ошган ўта муҳим учрашувларида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат раҳбарларининг ушбу йўлакни ишга тушириш ҳамда ундаги қатнов учун қулай шароитлар яратишга урғу берганликларидан келиб чиққан ҳолда, тез орада Ашхобод битимига аъзо давлатлар Транспорт вазирлари учрашувини ўтказишга тайёргарлик кўриш режалаштирилган.

2021 йил 16 сентябр куни ШҲТ доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий ўртасида учрашув бўлиб ўтди. / Фото: Президент матбуот хизмати

– Ўзбекистон ташкил қилишга уринаётган Транс-афғон йўлаклари кейинчалик Эрон портларига ҳам боғланиши мумкин. Ушбу логистика йўлаклари қандай истиқболларга эга?

– Ўзбекистон ҳар томонлама қуруқлик билан ўралган мамлакат бўлиб, ўз ички эҳтиёжларини қондириш ҳамда ишлаб чиқарган товарлари ва маҳсулотларини экспорт қилиш учун портларга ва очиқ денгизга чиқишга эҳтиёжманддир. Шу нуқтайи назардан Афғонистон Эроннинг жанубий портлари, жумладан, Бандар-Аббос ва Чобаҳор портлари, шунингдек, Покистон портларига чиқиш йўлаги сифатида доимо Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг диққат марказида бўлиб келган.

Транс-афғон йўналишида икки транспорт-транзит йўлаги кўзда тутилган. Уларнинг биринчиси Термиз – Мозори-Шариф – Ҳирот автомобиль ва темир йўли йўлаги бўлиб, унинг Эрон чегарасига ва ундан сўнг Эроннинг жанубий портлари – Бандар-Аббос ва Чобаҳор портларига бориб уланиши режалаштирилган.

Трансафғон коридори

Ушбу йўлакнинг Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳригача бўлган 100 километрлик қисми Ўзбекистон томонидан, Эроннинг Хавоф шаҳридан Афғонистоннинг Ҳирот шаҳригача бўлган 225 километрлик қисмининг катта бўлаги эса Эрон томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Мозори-Шариф ва Ҳирот шаҳарлари ўртасидаги 660 километрлик йўлак қурилиб, ишга туширилгач, Ўзбекистон ва Эрон темирйўллари Афғонистон ҳудуди орқали бир-бирига боғланади. Ўзбекистон ушбу йўлак орқали Эроннинг жанубий портларига чиқиш имкониятини қўлга киритади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Мозори-Шариф – Ҳирот йўлагини қуриб, ишга тушириш 2,7 млрд АҚШ долларига тушади. Албатта,ҳар қандай лойиҳани амалга ошириш учун керак бўлган энг биринчи ва энг муҳим шарт хавфсизликдир.

– Расмий маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 430 миллион доллар атрофида. Икки йирик давлат иқтисодий ҳамкорликни ошириш учун қандай режалар қилмоқда?

– Қувонтирадиган жиҳати шуки, 2021 йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 431 млн АҚШ долларини ташкил этди. Бу олдинги йилга нисбатан 73 фоиз ўсишни кўрсатади. Ўзаро савдо айирбошлашнинг ушбу ҳажми, албатта, ижобий тенденциядан дарак берса-да, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий соҳанинг турли йўналишларидаги мавжуд имкониятларига мос эмас. Икки мамлакатдаги мавжуд салоҳият ва имкониятларни фаоллаштириш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 2 миллиард евро миқдорига қадар ошириш мумкин.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш мақсадида турли чора-тадбирлар амалга оширилиши, жумладан икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш, 2022 йилнинг 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлисини ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Тошкентда Биринчи Эрон саноат ва ишлаб чиқариш ютуқлари кўргазмасини ўтказиш ва бошқалар кўзда тутилган.

– Ўзбекистон ва Эрон ўртасида маданий-гуманитар соҳада алоқалар қай ҳолатда? Икки мамлакат Буюк Ипак Йўли бўйлаб туризмни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиши мумкинми?

– Эрон халқи Ўзбекистон халқи ва ушбу юртнинг тарихий шаҳарларига катта қизиқиш билан қарайди. Шубҳа йўқки, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада кенгайиши, ҳамкорлик соҳаларининг кўпайиши ва виза режими енгиллаштирилиши билан икки мамлакат ўртасидаги туристик алмашувнинг мисли кўрилмаган даражада ўсишига гувоҳ бўламиз. Бугунги кунда Эронда Темурийлар даврига оид кўплаб тарихий обидалар мавжуд бўлиб, улар ўзбекистонлик туристлар учун қизиқарли бўлиши мумкин. Ўз навбатида, эронликлар Ўзбекистоннинг туристик жозибаларига нисбатан катта қизиқиш билан қарайди.

Ҳозирги пайтда икки давлат келгуси тўрт йилга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастурини имзолашни мўлжалламоқда. Мазкур ҳужжат ишлаб чиқилган ва имзолашга тайёрланган.

Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири зиёрат туризмига ҳамда туристик дастурларда иштирок этишга бўлган эътибордир. Бундан ташқари, туристик айирбошлаш кенгайиши учун Эрон ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ўртасида ҳам ҳаво қатновларини, шунингдек, Эрон билан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг яқин орада икки давлат мутасаддилари томонидан имзоланиши кутилмоқда.

– Икки давлат етакчилари яқин келажакда ўзаро олий даражадаги ташрифлар алмашишни режалаштиряптими?

– Саййид Иброҳим Раисий жанобларининг ҳокимиятга келганидан буён ўтган вақт ичида Эрон ва Ўзбекистон президентлари Душанбе ва Ашхобод шаҳарларида бўлиб ўтган минтақавий ташкилотлар саммитлари доирасида икки марта учрашдилар. Ушбу икки учрашув ўта самарали бўлиб, ўзаро алоқалар ривожига катта туртки берди. Шунга қарамасдан икки давлат раҳбарларининг икки томонлама ўзаро расмий ташрифларига бўлган эҳтиёж сақланиб қолмоқда. Икки президент шу кунга қадар бир-бирларини ўз мамлакатларига расмий ташриф буюришга таклиф этдилар. Ушбу ташрифлар жорий ва келгуси йилда амалга ошишига умид қиламиз.

– Эрон ҳукумати туризмни кучайтириш мақсадида 60 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визадан воз кечиш дастурини жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, лекин ҳозирча бу амалга ошмади. Умуман, Эрон Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий этиши ёки режалаштириши мумкинми?

– Туризмни ривожлантириш мақсадида турли чора-тадбирлар, жумладан айрим мамлакатлар билан визасиз режим ўрнатиш амалга оширилмоқда ёки шундай режим ўрнатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Эрон Ўзбекистон мутасаддилари билан икки мамлакат ўртасида шундай режим ўрнатиш масаласини муҳокама қилишга тайёр.

Эрондаги машҳур “Носир ал-Мулк” масжиди / Фото: washington.edu

Ўзаро визаларнинг бекор қилиниши ва ўзаро борди-келдиларнинг осонлаштирилиши икки мамлакат ўртасида туризм ва савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатиб, икки халқ манфаатларига хизмат қилади.

– Марказий Осиё минтақаси ва Эроннинг шарқий вилоятларида кузатилаётган чўлланиш ҳамда ичимлик сувининг камайиши борасида ҳамкорликда амалга ошириш учун режалар борми?

– Эрон ва Марказий Осиё мамлакатлари қуруқ ва ярим қуруқ ҳудудларда жойлашган. Шу сабабли бу мамлакатлар учун сув масаласи ва сув ресурслари тақчиллиги муаммоси доимо фавқулодда аҳамиятга эга бўлиб келган. Экологик бўҳронлар ва уларнинг салбий оқибатлари, жумладан сув ресурслари тақчиллиги, шунингдек чўлланишга қарши курашда ғалаба қозониш қўшни давлатларнинг якдиллиги ва ҳар томонлама ҳамкорлигини талаб қилади.

Эрондаги Урумия кўли ва Ўзбекистон ҳудудидаги Орол денгизи сўнгги даврларда ёғингарчилик камлиги ва уларга бориб қуйиладиган сув миқдори камайиб кетиши натижасида қурий бошлади. Эрон ва минтақа давлатлари ўртасида экологик буҳронларнинг салбий оқибатларига қарши курашиш ва тажриба алмашув бу соҳадаги ҳамкорлик йўналишларидан бири бўла олади.

– Анча вақт давомида ШҲТда кузатувчи давлат мақомида бўлган Эрон ниҳоят 2021 йилда ушбу халқаро ташкилотга қабул қилинди. Эрон ушбу ШҲТга нима мақсадда қўшилди ва ундан нималар кутмоқда?

– Юқорида айтиб ўтганимиздек, қўшни давлатлар билан яқин ва кенг ҳамкорлик қилиш Эрон Ислом Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Яқин ва нуфузли қўшни давлатларни ўзида бирлаштирган муҳим ташкилотлардан бири ҳам ана шу Шанхай ҳамкорлик ташкилотидир. Шубҳасиз, якдиллик ва коллектив ҳамкорлик воситасида кўпгина муаммоларни бартараф этиш ҳамда турли, жумладан савдо-иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик соҳаларидаги ўзаро манфаатларни таъминлаш мумкин бўлади.

Эрон президенти Иброҳим Раисий Тожикистонда бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммитида иштирок этмоқда. 2021 йил сентябр.

– Халқаро акторлар Эрон ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида муносабатларга таъсири қандай?

– Рақиб акторлар халқаро муносабатларда муайян ўрин тутсалар-да, Эрон Ислом Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маданий, иқтисодий ва инсоний алоқалар шунчалик мустаҳкамки, анча-мунча актор ушбу алоқаларга салбий таъсир кўрсата олмайди.

Эрон Марказий Осиё республикалари мустақиллигини расман тан олган илк давлатлардан ҳисобланади. Аввалбошдан Эроннинг Марказий Осиёга ёндашуви ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган. Эрон ушбу минтақадаги ривожланиш ва барқарорликка олиб келадиган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаб келган ва қўллаб-қувватлашда давом этади. Аммо Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро манфаатларга асосланган табиий ва институтлашган муносабатлар бўлиб, халқаро акторлар таъсиридан ташқаридадир.

Икки мамлакатнинг барча икки томонлама ва кўп томонлама соҳалардаги алоқалари ҳамда минтақавий ва халқаро ҳамкорлиги ёруғ истиқболларга эга. Икки давлат раҳбарларининг жорий йилда бўлиб ўтиши кутилаётган учрашуви якунида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳар томонлама муносабатларнинг ривожланиши учун замин тайёрлайдиган турли соҳаларга оид кўплаб ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

– Эроннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларида Афғонистондаги вазиятнинг ўрни қандай?

– Эрон ва Ўзбекистон ўртасида минтақавий ва халқаро масалалар ва буҳронлар борасида яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Ушбу масалалардан бири Афғонистон муаммосидир. Икки давлат бу масалада тўғридан тўғри ва мунтазам алоқага эга бўлиб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар олиб боришмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон президентининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш бўйича ташаббуслари Эрон томонидан олқишланмоқда.

Маълумот учун, Эрон Ислом Республикаси 1991 йил 25 декабрида Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олган, икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йил 10 майда ўрнатилган. 1992 йил ноябрь ойида Тошкентда Эрон элчихонаси очилган бўлса, 1995 йил май ойида Теҳронда Ўзбекистон элчихонаси очилган.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сиёсий, иқтисодий маданий соҳаларда имзоланган 55 та ҳужжат – ҳозирги кундаги Ўзбекистон ва Эрон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил қилади.

2021 йил якунлари бўйича, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 431 миллион долларга етди. Ундан Ўзбекистон экспорти 177 миллион доллар, импорт эса 254 миллион долларни ташкил қилмоқда.

2021 йилда халқаро ташкилотларнинг тадбирлари доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий ўртасида икки учрашув бўлиб ўтди. Дастлаб давлат раҳбарлари сентябрь ойида Тожикистон пойтахтида ташкил қилинган ШҲТ саммитида учрашди.

Душанбедаги учрашувда Ўзбекистон ва Эрон билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хусусан, транспорт соҳасида – Чобаҳор портига чиқиш учун шимол-жануб йўлагини фаоллаштириш масаласи кўтарилган.

Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий. 2021 йил ноябр, Ашхобод – Туркманистон / Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида 2021 йил декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтган иккинчи учрашувда томонлар асосан Афғонистондаги вазиятнинг минтақа давлатларига таъсири борасида суҳбатлашган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Top