11:49 / 03.03.2022
430
Жиззахда юк машинаси уриб юборган маст пиёда вафот этди

Пиёда шериги билан катта йўл ёқасидаги ошхонада спиртли ичимлик истеъмол қилган ва маст ҳолда йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган.

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 28 феврал куни соат 5:15ларда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Шароф Рашидов тумани Ёйилма маҳалласи ҳудудидан ўтган 974-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи шахс бошқарувида бўлган Isuzu юк машинаси йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда Зарбдор тумани “Андижон” МФЙда яшовчи пиёда оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, вафот этган шахс аввал шериги билан катта йўл ёқасидаги ошхонада спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнг у катта йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган. Ҳайдовчи юк машинасини тўхтатишга улгурмаган ва маст пиёдани уриб юборган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top