12:29 / 11.03.2022
5889
UzAuto Motors АЖ IPO ташкиллаштириш учун тендер эълон қилди

2023 йилнинг охирига қадар UzAuto Motors маҳаллий ва хорижий IPO’да 30 фоизгача акцияларини сотади.

Фото: Kun.uz

9 март куни UzAuto Motors томонидан Ўзбекистон товар-хомашё биржасида тендер эълон қилинди.

Қайд этилишича, дастлаб «Тошкент» фонд биржасида маҳаллий IPО ўтказилади. Кейин андеррайтернинг тавсиясига кўра, акцияларни чет элда жойлаштириш учун мос платформа танланади. 

Илова қилинган ҳужжатлардан маълум бўлишича, 2022 йил охиригача UzAuto Motors ўзининг 5 фоизгача акцияларини жойлаштиради. Бундан ташқари, 2023 йил охирига қадар хорижий IPO ўтказилади — унга компаниянинг 25 фоизгача акциялари қўйилади. Бу ҳақда Spot хабар бермоқда.

«Ўзавтосаноат» томонидан таклиф этилаётган хизматларнинг бошланғич нархи 9 млн долларни ташкил этади.

«UzAuto Motors АЖ томонидан маҳаллий ва хорижий фонд бозорларида IPO амалга оширилиши компания учун янги инвестиция лойиҳаларни амалга оширган ҳолда фаолиятни янада кенгайтириш, инвестицион жозибадорликни ошириш, корпоратив бошқарувни халқаро стандартларга мослаштириш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш имконини беради. Шунингдек, мазкур IPО айниқса маҳаллий бозорда инвесторлар учун жозибадор бўлган янги қимматли қоғозлар таклифини шакллантиради ва ликвидлик ошишига ҳисса қўшади», дейилади компания хабарида.

Аввалроқ, «Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинганди. Унда бир қатор акциядорлик жамиятлари, хусусан UzAuto Motors’даги давлат улуши ҳам IPO орқали сотилиши кўзда тутилганди.

IPO (инглиз тилидан олинган – Initial Public Offering) – акциядорлик жамияти акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни акцияларнинг чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви ва дастлабки таклиф қилинишидир. IPO’ни ўтказишдан асосий мақсад корхонани ривожлантириш учун кенг доирадаги инвесторлардан капитал жалб қилиш ҳисобланади.

Top