13:24 / 21.03.2022
18616
Россия хориждан олиб кирилган қурилиш материалларини Ўзбекистон маҳсулотларига алмаштирмоқчи

Россия хориждан олиб келинган қурилиш ресурсларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган материалларга алмаштиришни режалаштирмоқда.

Фото: minstroyrf.gov.ru

Куни кеча Россия қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ирек Файзуллин Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботир Асадов билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қурилиш соҳасида лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашиш йўналишларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳамиша дўстона бўлиб келган, бу икки томонлама мулоқотнинг, минтақавий ва глобал миқёсдаги ўзаро ҳамкорликнинг юксак фаоллиги билан тасдиқланади. Ҳозирги ижтимоий-иқтисодий шароитда давлатларимиз қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, малакали кадрларни жалб қилиш учун қўшимча имкониятларга эга», — деди Ирек Файзуллин.

Қайд этилишича, ҳозирги геосиёсий шароитда ташқи иқтисодий стратегияни қайта кўриб чиқиш, диверсификация қилиш, айрим ҳолларда ҳамкорлик йўналишларини қайта йўналтириш масалалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

«Қўшма ишлар соҳаларнинг рақобатбардошлигини ошириш, қурилиш материаллари ва ускуналари учун кафолатланган узоқ муддатли бозорни шакллантириш, шунингдек, янги намуналар ва технологияларни яратиш бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади. МДҲ давлатлари қурилишдаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро кенгаши доирасида ассоциацияга аъзо давлатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини унификация қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қўшма иш иштирокчи мамлакатларда қурилиш соҳасида келишилган сиёсатни шакллантириш, қурилиш индустриясининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича тегишли идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган», — дейилади хабарда. 

Шунингдек, хориждан олиб келинган қурилиш ресурсларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган материалларга алмаштириш имкониятлари ҳам учрашув мавзуларидан бири бўлди. Бунинг учун яқин келажакда қурилиш материаллари рўйхати тайёрланади, бу эса ички эҳтиёжни қоплаш ва ресурсларни, шу жумладан, бюджет маблағларини жалб қилган ҳолда объектларда алмаштириш имконини беради.

«Учрашувда Ўзбекистон саноат ва қурилиш бирлашмалари вакилларининг иштироки туфайли томонлар учун муҳим бўлган масалаларни батафсилроқ муҳокама қилиш имкони пайдо бўлди», — дейилади Россия вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 

Шунингдек, учрашув чоғида Ўзбекистондан мутахассисларни Россия қурилиш объектларига жалб этиш ва кадрлар билан ишлаш бўйича тажриба лойиҳаси доирасида ходимларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистонда Россиядаги қурилиш объектларида талаб катта бўлган асосий иш йўналишлари бўйича ўрта махсус таълим базаси шакллантирилди. Келаётган ишчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва Россияда ишга жойлашишга қизиқишини ошириш учун уларнинг малакасини ошириш бўйича меҳнат миграцияси нуқтайи назаридан ишларни давом эттириш муҳим», — дейилади маълумотда. 

Top