08:10 / 23.03.2022
24521
Евроиттифоқ давлатлари газни биргаликда сотиб олишни режалаштирмоқда

Қўшма харидлар бўйича қарор шу ҳафта охирида Европа иттифоқи саммитида қабул қилиниши мумкин. Брюссел имкон қадар тезроқ Россиядан газ импорти бўйича қарамликни бартараф этишни мақсад қилган.

Фото: AFP

Европа иттифоқи давлатлари ва Европа комиссияси Европа иттифоқи газ омборларини тўлдириш учун келажакда биргаликда табиий газ, шу жумладан суюлтирилган газ ҳамда водородни сотиб олиш ниятида. 

22 март, сешанба куни DPA агентлиги хабарига кўра, Евроиттифоқ давлатлари етакчилари шу ҳафта охиридаги саммитда бу ҳақда қарор қабул қилиши кутилмоқда

«Кейинги қиш арафасида аъзо давлатлар ва Европа комиссияси зудлик билан газ, суюлтирилган газ ва водородни биргаликда сотиб олиш бўйича ишларни бошлайди», дейилади агентликка тақдим этилган саммит декларацияси лойиҳасида. 

Ўтган йилнинг ўзидаёқ Еврокомиссия энергия ташувчилар нархининг ошиши муносабати билан Евроиттифоқ давлатларига газни ихтиёрий равишда биргаликда сотиб олишни таклиф қилган эди - хусусан, музокаралардаги позицияларини яхшилаш учун. Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро газ нархининг янада ошишига олиб келди. 

Европа иттифоқининг газ хариди миқдори қарийб 40 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади, шунинг учун Брюссел имкон қадар тезроқ Россиядан газ импорти масаласида мустақил бўлишни хоҳлайди. Янги ҳамкорлар излаётган Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрди. 

23 март куни Еврокомиссия Европа иттифоқидаги газ омборларини тўлдириш бўйича аниқ талабларни таклиф қилиши кутилмоқда: ҳар йили ноябргача улар 90 фоизга тўлдирилиши керак. Ҳозирда Европа газ омборлари ўртача атиги 26 фоизга тўлган. 

Top