19:40 / 04.04.2022
13558
Ташаббус кўрсатинг, овоз беринг: жамият ҳаётида иштирок этинг

Телевизорда ривожланган демократик давлатларнинг парламентларидаги жанжал, тўполон ва ҳатто муштлашувларни кўрган чиқарсиз? ТВ сухандонлари сизга уни қандай тушунтирганидан қатъи назар, ўша жанжаллар асносида депутатлар асосан бюджет пули тақсимоти устида тортишаётган бўлишади.

Бизда ҳам депутатларимиз парламентда, маҳаллий кенгашларда бюджет тақсимоти устида «ёқа йиртишадиган» кунларга етиб келармиканмиз? Унисини аниқ билмайман, лекин ҳозир халқ ўртасида машҳурлашаётган «Ташаббусли бюджет»дан ҳам хурсанд бўлаверишимиз керак. Чунки Элла Острогоржскаялар бюджетга хўжайин бўлган даврларда бунақасини тушимизда кўрардик.

Ҳа, одамларимиз ўзларининг овози жамиятда ниманидир ҳал қилишда муҳим ўринга эгалигини тобора англаб, ҳис қилиб боришмоқда. Бу албатта, яхшиликдан дарак.

Ташаббус қандай шаклланади ва қанча маблағ ажратилган?

«Очиқ бюджет» порталига 2022 йил 1-ярим йиллик мавсуми учун қарийб 70 мингта ташаббус жўнатилган. Уларни қўллаш учун 6,7 миллион овоз берилган. 2215та ташаббус ғолиб деб топилган.

Хўш, улар қандай ташаббуслар? Асосан, ички йўллар, ичимлик суви тортиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш. Илгари сурилган ташаббусга кетадиган маблағ миқдори 1 млрд сўмдан ошмаслиги керак.

Ҳар бир туман/шаҳар тасдиқланган бюджетининг 5 фоизи ҳамда қўшимча маблағининг камида 30 фоизи ҳисобидан тегишли маблағлар «Ташаббусли бюджет» жараёни учун ажратилади. Молия вазирлигига кўра, ушбу маблағлар ҳар бир ҳудудда турлича шаклланади ва ўртача 5-10 млрд сўмни ташкил этади. Бу пул ўша аҳолининг ташаббуслари учун бўлинади.

Республика бўйлаб 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун ғолиб деб топилган лойиҳаларга жами 1,1 трлн сўм ажратилган.

Ташаббусли бюджет жараёнлари 2022 йилда икки марта амалга оширилади. Биринчиси ўтиб бўлди.

Унда:

1 феврал – 22 февралда батафсил кўринишда таклиф қолдирилди;

23 феврал – 4 март оралиғида таклифлар модерация қилинди;

5 март – 1 апрел даврида сараланган таклифлар бўйича фуқароларнинг овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

Хуллас, модерация босқичидан ўтиб, ҳар бир фуқаро Ўзбекистондаги исталган манзилдан кўрсатилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб овоз бериши мумкин. Бу жараён порталда рўйхатдан ўтиб ёки SMS хизмати орқали амалга оширилади. Бир фуқаро фақат бир марта овоз бера олади.

Овоз бериш жараёни

Албатта, тизимнинг соддалиги ҳам одамлар катта қизиқиш билан овоз бериш жараёнларида қатнашишига туртки бўлди. Ташаббус ҳаволаси туширилган постлар ижтимоий тармоқларда айлантирилди, блогерлар ҳам баҳоли қудрат ёрдам беришди.

Реклама буклетлари ва флайерлари тарқатилган, бозорлар ва бошқа одам гавжум жойларда ташаббус ҳаволасига QR-код туширилган баннерлар қўйилган, ҳаттоки овозлар учун пул мукофотлари ҳам таклиф қилинган ҳолатлар учради.

Бизга Сурхондарё вилояти Узун туманининг олис Боботоғ тоғи этагидаги Хўжақулсин маҳалласига элтувчи йўлга тош-шағал аралашмаси ташлаб, текисланишини сўраб қилинган мурожаат келган эди. Сурхондарёга сафаримиз чоғида суриштирганимизда, бу қишлоққа бориш жуда қийинлиги, у ерга фақат «Нива» автомашинасида икки кунда бориб қайтиш мумкинлиги, йўллар лой, ёмғирли кунда сел ювиб кетишини айтишганди. Узун туман ҳокими ўринбосари бу борада раҳбарларнинг хабари борлиги, кунлар исий бошласа ишлар бошланишини айтганди. Биз вақтимиз тиғизлиги ва ноқулай об-ҳаво туфайли боролмаган эдик.

Энди маълум бўлдики, Хўжақулсин маҳалласига элтувчи 15 км йўлни шағаллаштириш ҳам танловга қўйилган, Телеграм каналларда қайта-қайта реклама қилингач, ғолиб бўлибди.

Билдирилаётган ташаббусларга эътибор берсангиз, учдан бир қисмини мактабларни таъмирлаш, жиҳозлаш каби лойиҳалар эгаллаган. Ҳар тўртинчи лойиҳа ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ. Кейинги ўринларда мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш турибди.

«Бу — юзимизга тутилган кўзгу. Ҳақиқатан ҳам йўлларимиз, мактабларимиз жуда катта инвестицияга муҳтож, давлат бюджетини тақсимлаётганда ҳукумат ҳам ушбу муаммоларни тизимли ҳал қиладиган механизмлар устида бош қотириши керак», деб ёзади DavletovUZ.

«Очиқ бюджет идеал механизм эмас, лекин у такомиллашиб бораверади. Аммо барибир бизга кучли, мустақил парламент, маҳаллий депутатлар керак. Улар амалда бюджетни тақсимлай олиши лозим. Йўқса, қайтадан велосипед кашф қилишда давом этаверамиз», — деган блогер.

Гуруч курмаксиз бўлмайди – «Очиқ бюджет»нинг дилни хира қилувчи томонлари

Ўз-ўзидан энг кўп билдирилган таклиф мактаблар таъмири бўлгани учун, ҳокимлар ва мактаб директорлари одатдагидек ўқитувчиларни хонадонма-хонадон юриб, овоз йиғишга мажбурлашди. Бу ҳолат барча вилоятларда кузатилган.

Нима бўлса ҳам шу баҳонада мактаби ё боғчаси таъмирланиб, жиҳозланиб қолишини истаган директорлар, мудирларни айблаб бўладими бу ўринда?

Ижобий томонлари барибир кўпроқ

Чунки одамлар «Берсанг – ейман, урсанг – ўламан», деган даврлар ўтганини ҳис қилиши керак. Бундай ташаббус ортидан ижтимоий фаол фуқаролар рағбатлантириладиган бўлди. Хўжақулсинга ўхшаш, четдаги, аҳолиси ҳам бироз камроқ қишлоқлар— лоқайд бўлмаган блогер ва журналистларга чиқиб овоз йиғишлари мумкин бўлмоқда.

Яъни одамларда жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси уйғонмоқда. Тарғиб қилиш нима, овоз тўплаш нима, қандай усулларда реклама ва тарғибот қилиш кераклигини, ғалаба қозониш учун қандай қонуний йўллардан фойдаланиш кераклигини ўрганишмоқда, билишмоқда.

Навбатдаги вазифа — ўша ажратилган пулларнинг тўғри сарфланаётганини назорат қилишни ҳам одамларга қўйиб бериш.

Кўряпмизки, айрим раҳбарларимиз бот-бот такрорлаб келишаётгани — «одамларимиз очиқ сайловларга тайёр эмас», «халқ ҳали демократияга тайёр эмас», деганларига терс ўлароқ жамиятимиз пишиб етилган. Энг яхшисини танлаб ололади, ўз ҳақини ажрата олади.

Шунинг учун партияларнинг, сайланадиган маҳаллий ҳокимият органлари ролини ошириш, маҳаллий ҳокимларни сайлаш жараёнини тезроқ жорий қилиш керак. Буни бирданига, ёппа бўлмаса ҳам, секин-аста туманларда синов тариқасида бошлаш учун фурсат етилди, деб ўйлайман.

Токи, одамларимиз бюджет тақсимлаш учун кўча-кўйда овоз йиғиб юришмасин. Депутатларимиз маҳаллий парламентларда пул тақсимоти учун ёқа йиртишсин. Ана шунда идеалга яқин, инсон қадри баланд демократик жамият бўлган бўламиз.

* * *

Ҳали бизни 2022 йил учун қизғин иккинчи босқич кутмоқда. Ҳал бўлиши маҳаллангиздаги кўпчиликка фойдаси тегадиган муаммоларни саралаб туринг. Эндиги гал албатта сизнинг ҳам овозингиз ниманидир ўзгартира олишига амин бўласиз.

Ташаббус кўрсатинг, овоз беринг, жамият ҳаётида иштирок этинг! 

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top