13:12 / 04.04.2022
12247
Орбан Венгрияда қаторасига тўртинчи бор ғалаба қилди. У нутқида Зеленскийни эслади

Венгрия бош вазири Виктор Орбан парламент сайловларида қаторасига тўртинчи бор ғалаба қозонди. У мамлакат ичкарисида ҳам, ЕИнинг аъзолари томонидан ҳам Будапешт ва Москва ўртасида қалин алоқалар туфайли танқидга учраб келади.

Фото: Reuters

Россиянинг Украинага бостириб кириши Орбаннинг кампаниясига зарар етказа бошлаганди ва у россияликлар президенти Владимир Путин билан яхши алоқалар ўрнатгани юзасидан тушунтириш беришига тўғри келди.

Орбан Россия тажовузини қоралади ва Евроиттифоқнинг Москвага қарши санкцияларига вето қўймади, шу билан бирга бунга қўшилмаслигини ҳам қайд этди.

Шунингдек, у Украина учун мўлжалланган ҳар қандай ҳарбий техника Венгрия ҳудудига ўтишини тақиқлади ва Россия билан яқин алоқаларни сақлаб қолиш қатор устунликлар бериши, жумладан газ етказиб беришда афзалликларга эга бўлишини таъкидлади.

Орбан ўз электоратини Петер Марки-Заининг мухолифатчи альянсининг Евроиттифоқ билан муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги ваъдалари Венгрияни НАТО томонида туриб ҳарбий можарога аралашишига олиб келишига ишонтирди (мухолифат бундай айбловни қатъиян рад этган).

Якшанба куни Орбан ғалаба ўзи учун ёқимли сюрприз бўлганини тан олди.

«Биз улкан ғалабага эришдик, уни ҳатто Ойдан кўриш мумкин эди, ва албатта - Брюсселдан ҳам. Биз Венгрия суверенитети ва эркинлигини ҳимоя қилдик», деди у.

«Бизда ҳеч қачон бунча кўп душман бўлмаган», дея қўшимча қилди Орбан ва яна бир бор Брюсселдаги бюрократларни, халқаро нашрларни ва украинлар президенти Владимир Зеленскийни ёдга олди.

Украина билан умумий чегарага эга  бўлган Венгрия у ердан ярим миллиондан ортиқ қочқинларни қабул қилган, аммо Зеленский Будапештни қуролларни Украинага ўтказишга рухсат бермагани учун танқид қилган, Орбан эса бу орқали ўз мамлакатини қуролли низога аралашишдан сақлаб турганини айтган.

Дастлабки натижаларга кўра, Орбаннинг альянси «Фидес - Венгрия фуқаролар иттифоқи» овозларнинг учдан икки қисмини қўлга киритиб, парламентда 135 ўринга эга бўлган.

Мухолифат альянси етакчиси ва «Венгрия барча учун» партияси раҳбари Петер Марки-Заи Орбаннинг ғалабасини тан олган, бу вазият юзага келишини пропаганда машинаси ва ОАВда ҳукмрон партия тарафдорлари устунлик қилгани билан изоҳлаган.

«Биз Фидес овозларнинг кўп қисмини қўлга киритганини тан оламиз, аммо барибир бу сайловларнинг демократик ва эркин ўтганини савол остига қўямиз», деган мухолифат вакили.

Top