17:15 / 06.04.2022
18997
“Ташаббусли бюджет”: Муҳим саволларга жавоблар

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йилдаги 1-мавсуми ғолиблари аниқланди. Хўш, ҳудудий кенгашлар якуний ғолибларни қачон тасдиқлайди, лойиҳалар молиялаштирилиши қандай назорат қилинади, ғолиб бўлолмаган долзарб ташаббуслар ҳам молиялаштириладими? Kun.uz шу каби саволлар юзасидан Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов билан интервю ташкил қилди.

— “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг навбатдаги босқичи якунланди. Якунлар ҳақида гапириб берсангиз.

— Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йилда икки марта ўтказилиши белгиланди. Биринчи мавсум феврал ойидан 2 апрелга қадар ўтказилди. Фуқароларимиз мазкур босқичда жуда фаол қатнашди. 2021 йилга солиштирадиган бўлсак, ўтган йил 1 миллион 150 мингга яқин овоз берилган бўлса, жорий йил ўтказилган босқичда ушбу кўрсаткич беш баробарга ошди, яъни берилган овозлар сони 6 миллион 700 мингдан ошиб кетди. Бу эса ушбу жараёнга фуқароларнинг аста-секинлик билан қизиқиши ортаётгани ҳамда бюджет жараёнларида фуқаролар фаоллиги ошаётганини кўрсатади.

Таклифлар мисолида қарайдиган бўлсак, ўтган йил 41 минг таклиф билдирилган бўлса, бу йил 69 700 таклиф келиб тушди. Мазкур таклифлардан ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиш натижасида 40 мингдан ортиғи овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз йиғган 2215 таклиф ғолиб деб топилди.

— Лойиҳаларга қачон пул ажратилади ва бу жараён назорат қилиб бориладими?

— Ҳар бир ғолиб деб топилган таклиф учун туман ва шаҳар ғазначилик бўлимларида алоҳида ҳисобрақамлар очилади ва мазкур ҳисобрақамларга тегишли маблағлар ўтказиб берилади. Жорий ойнинг ўзидан ишлар амалга оширила бошланади. Пудратчи ташкилотларни аниқлаш ва лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаш ишларига киришилади.

Ўйлаймизки, 2-мавсумга қадар мазкур жараёнда ғолиб бўлган ташаббусларни амалга ошириш ишлари бошланади. Якунланмаган тақдирда ҳам, асосий ишларга старт берилади.

— 2-мавсум июл ойида ўтказилади, унгача таклифлар молиялаштириб бошланади, шундайми?

— Албатта, белгиланган тартибга кўра, 10 иш кунида ҳар бир туман ва шаҳар халқ депутатлари томонидан ғолиблар рўйхати тасдиқланади ва ҳисобрақамга маблағлар ўтказилиб, ишлар бошланади.

— “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фуқаролар томонидан айрим лойиҳаларга керагидан кўп, айримларига камроқ маблағ таклиф қилинган. Бундай ҳолларда маблағ ажратиш масаласи қандай ҳал қилинади?

Жорий йилда 69 мингдан зиёд таклиф билдирилган бўлса, ўртача ҳар бир туманда ҳар бир таклиф 500–600тагача тўғри келмоқда. Бу эса ушбу таклифларни 10 кун ичида ўрганиб чиқиш ва уларни амалга ошириш қийматини аниқлашда қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, фуқаролар ўзлари ҳам таклиф этаётган ташаббусининг аниқ қийматини баҳолай олмайди. Чунки улар бу соҳада мутахассис эмас, шу сабабли ташаббусларга маблағ қиймати бироз кўпроқ ёки бироз камроқ бўлиши мумкин.

Ғолиблар аниқлангач, ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун лойиҳа сметаси тузилади. Улардан келиб чиқиб зарур маблағлар юзасидан аниқ миқдорларга тўхталинади. Шундан кейин ҳисобрақамларга пуллар ўтказиб берилади. Бунда маблағ миқдори камайиши ҳам, ортиши ҳам мумкин.

Таклиф этилган маблағга қўшимча маблағ талаб этиладиган бўлса, зарур ҳолларда келгуси чоракда маҳаллий бюджетлар маблағлари доирасида пул ажратилади.

— Ташаббус ҳақиқий муаммони акс эттирган, бироқ айрим сабаблар туфайли етарли овоз йиға олмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда ташаббуслар маҳаллий бюджетнинг ортиб қолган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкинми?

— “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йилда 2 бор ўтказилади. Агар биринчи мавсумда таклифлар ғолиб деб топилмаган бўлса, улар албатта иккинчи мавсумда қайта ташаббус билдириб ғолиб чиқиш имкониятига эга. Бундан ташқари, долзарблиги жуда юқори бўлиб, аҳоли ва тегишли ҳокимлик органлари томонидан долзарб деб топиладиган бўлса, мазкур ташаббуслар бюджет маблағлари ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин. Бу бўйича ҳеч қандай тақиқ йўқ. Имкон қадар таклифлар молиялаштирилмоқда. Лекин бу ғолиб бўлмаган лойиҳаларни мазкур маблағлардан ташқари бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш керакмас дегани эмас. Яъни ҳомийлар, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.

— Ўтган босқичда бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилган ташаббуслар бўлдими?

— Ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилгани кузатилмади, лекин қўшимча маблағлар ҳисобидан амалга оширилган ҳолатлар бўлди. Лойиҳага бироз маблағ етмай қолган ҳолларда тегишли туман ҳокимлиги халқ депутатлари кенгаши қарорлари асосида етмаган қисмлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан қопланган ҳоллар бўлди.

— 2021 йилги мавсумда ғолиб деб топилган ташаббуслар ҳамон, мана, 6 ой бўлди, молиялаштирилмагани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Ўтган йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг якуний босқичи октябр ойига тўғри келди. Лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудратчи ташкилотларни аниқлаш жараёнлари ноябр-декабргача давом этди. Бу эса ўз-ўзидан ёғингарчилик, қишки мавсум бошланганига тўғри келгани учун уларни амалга ошириш якунланмасдан, 2022 йилга ўтган. Барча лойиҳалар махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилган. Амалга оширилмаган ҳолатлар бўйича кунлик назорат ўтказилмоқда.

Ҳар бир лойиҳа алоҳида назоратга олинган. 2022 йилги лойиҳалар молиялаштирилгунча имкон борича 2021 йилдаги лойиҳаларни якунлаш борасида ҳудудларга топшириқлар берилган.

Тўлиқ интервьюни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.

Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top