16:35 / 15.04.2022
11534
Қирғизистонда ҳам автомобилларнинг олд ён ойналарини қорайтириш пулли бўлди

Президент Садир Жапаров автомобилларнинг олд ён ойналарини қорайтириш пулли бўлиши тўғрисидаги қонунни имзолади.

Фото: Getty Images

Қирғизистон президенти маъмурияти матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур қонундан кўзланган асосий мақсад автомобил эгаларига олд ён ойналарни қорайтириш учун қонуний рухсат олиш имконини бериш ва шу йўл орқали йўлларда содир этилаётган жиноятлар сонини камайтириш.

Қонунга кўра, ҳайдовчи олд ён ойналарни рухсатсиз қорайтирса, жисмоний шахслар учун – 200 ҳисоб кўрсаткичи (20 000 сом), юридик шахслар учун – 400 ҳисоб кўрсаткичи (40 000 сом) миқдорида жаримага тортилади. Тўлов тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 – Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, автомобиль ойнасини қорайтириш дунёнинг энг ривожланган АҚШ, Япония, Хитой каби мамлакатларида кўп учрайди. Қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам олд ён ойналарни фақат пул тўлаб қорайтиришга рухсат берилган, — дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, автомобилларнинг олд ён ойналарини қорайтиришни пулли қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил февраль ойида ишлаб чиқилган.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Дониёр Амангелдиевга кўра, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад мамлакат бюджетини тўлдириш эмас. Аммо олд ён ойналарни қорайтиришдан тушадиган маблағ бюджетга йўналтирилади.

Жогоргу Кенгешдаги аксарият депутатлар ҳар уч ўқишда ҳам “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга автомобилларнинг олд ён ойналарини пулли қилиш тўғрисидаги ўзгартишларни маъқуллаган.

Қонун лойиҳасига кўра, белгиланган пул тўлангач, олд ён ойналарни бир йил давомида қорайтириб юриш учун рухсат берилади.

Қирғизистонда шу пайтгача автомобилларнинг олд ён ойнасини қорайтириш тақиқланган бўлса-да, аксарият ҳайдовчилар қоидаларни бузган ҳолда унга амал қилмаган. Қирғизистон ИИВ маълумотларига кўра, инспекторлар ҳар йили ноқонуний тарзда қорайтирилган ойналар учун 3 000 тагача баённома тузади. Ҳозирда ноқонуний қорайтирилган ойналар учун жарима миқдори 5,5 минг сом (бугунги курсда 67 доллар бўлади)ни ташкил этади (1 АҚШ доллари 82 сом).

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан 2018 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга пулли асосда ойналарни қорайтиришга рухсат берилганди.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўлов жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (24 300 000сўм), юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (32 400 000 сўм) ва хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (37 800 000 сўм) этиб белгиланганди.

Кейинчалик, 2019 йил август ойида “тонировка” нархи арзонлаштирилди. Жумладан, олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

  • жисмоний ва юридик шахсларга – БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм);
  • хорижий давлатлар юридик шахсларига – БҲМнинг 80 баравари (17 млн 840 минг сўм) этиб белгиланди.
Top