23:06 / 16.04.2022
34426
Айрим турдаги хориж автомобиллари учун «растаможка» нархи пасайтирилди

Ишлаб чиқарилганига 1 йил тўлмаган, двигател сиғими эса 3000 см³ дан катта бўлган автомобиллар импорти учун божхона божи 30 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Двигателнинг ҳар бир см³ учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам икки баробардан кўпроққа камайтирилди. Шунингдек, гибрид автомобиллар импорти ҳам арзонлашади.

Фото: autostat.ru

15 апрел куни “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, двигател сиғими 3000 см³ дан катта бўлган автомобилларнинг божхона расмийлаштируви икки босқичда пасайтирилмоқда.

Хусусан, 15 апрелдан 31 декабргача бўлган муддатда бож ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга туширилди; автомобил двигатели қувватининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам икки баробар (3 доллардан 1,5 долларга) камайтирилди.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб, автомобил двигатели қувватига боғланган қўшимча коэффициентлар яна бир бор пасайтирилади (1,5 доллардан 1,25 долларга), 15 фоизлик асосий бож ставкаси эса ўзгаришсиз қолади.

Янги тартиб ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтган кунгача 1 йилдан ортиқ вақт ўтмаган автотранспорт воситаларига тааллуқли.

Бундан ташқари, гибрид автомобиллар (ҳам ички ёнув двигатели, ҳам электр двигателига эга автомобиллар) учун биринчи марта божхона ставкалари белгиланди.

Эндиликда гибрид автомобилларни импорт қилиш учун двигател турига ва ишлаб чиқарилган муддатига қараб автомобил нархининг 15 фоизидан 30 фоизигача бож тўлаш керак бўлади. Илгари бу турдаги автомобиллар учун ҳам двигател қувватининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар тўланарди.

Аввалроқ, 21 феврал куни имзоланган президент қарорида ҳам ишлаб чиқарилган санасига 1 йил тўлмаган янги транспорт воситалари импорти учун божхона божи ва автомобил двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар икки босқичда пасайтирилиши кўзда тутилганди.

Top