23:33 / 18.04.2022
21578
Камолиддин Раббимов «Панелний»да эканини айтди, ИИВ иш судга оширилгани, Журналистлар уюшмаси суд тугаганини хабар қилди

Ижтимоий тармоқларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов кечадан буён йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Azon.uz мухбири Ғайратхўжа Сайдалиевнинг айтишича, Раббимов бугун, 18 апрел куни тасвирга олиниши керак бўлган кўрсатувни суратга олиш жараёнига бормаган.

Фото: Kun.uz

Кейинчалик Раббимовнинг яқинлари у кечадан буён йўқлиги, телефони ўчирилгани, қаерда эканини билмасликларини маълум қилишган.

Kun.uz журналисти Илёс Сафаров Раббимов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди. У айни дамда халқ орасида «Панелний» деб аталувчи вақтинчалик тергов ҳибсхонасида экани, 15 суткага қамалганини маълум қилди.

Kun.uz ҳолат бўйича ички ишлар вазирлиги расмий вакили Шоҳрух Ғиёсовдан изоҳ сўради.

«Жорий йилнинг 17 апрел куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани «Чақар» маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида фуқаро К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган.

Ҳолат юзасидан фуқаро К.Р.га нисбатан МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан материаллар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган», дейилади Шохруҳ Гиёсовнинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.

Расмий муносабатда Камоллиддин Раббимовга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳужжатлар судда юборилгани айтилади. Бироқ ҳодисадан хабардор Kun.uz манбалари аллақачон суд бўлиб ўтгани, сиёсатшуносга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини айтмоқда.

«Раббимовга нисбатан провокация уюштирилган. Бироқ ижтимоий тармоқларда кўтарилган шов-шувдан сўнг уни тез орада қўйиб юборишлари кутилмоқда. Шу сабабли ИИВнинг расмий баёнотида у 15 суткага қамалгани ҳақида айтилмаган», дейди Kun.uz манбаси.

Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг хабар беришича, Раббимовнинг суди бўлиб ўтган ва унга нисбатан жарима жазоси қўлланган.

Камолиддин Раббимов ўзбек жамоатчилиги ўртасидаги ўткир мавзулардаги танқидий чиқишлари, сиёсий таҳлиллари билан танилган. Узоқ муддат Францияда яшаган сиёсатшунос яқинда Ўзбекистонга қайтган ва бир қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, Kun.uz нашри билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов рўй берган ҳодиса бўйича муносабат билдирган:

«Камолиддин Раббимов атрофида бўлаётган ҳолатдан хавотирдамиз. Фонд бу масалани ўрганяпти. Ўйлайманки вазият тез фурсатда ойдинлашади», деб ёзди Алламжонов.

Top