20:36 / 20.04.2022
5802
Танзила Норбоеванинг Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари тўғрисидаги мақоласи Ҳиндистон ОАВ саҳифаларида эълон қилинди

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг «Меҳнат муносабатларини ривожлантириш Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этишнинг асосий пойдеворидир» сарлавҳали мақоласи Ҳиндистоннинг «Diplomatist.com» веб-сайти ва «India Uzbekistan Investment Corridor» порталларида эълон қилинди. Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири хабар берди. 

Хабарда айтилишича, мақолада ўтган беш йилда Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ва ташқи сиёсатда, хусусан, меҳнат муносабатларини ривожлантириш юзасидан халқаро тамойилларни жорий этиш бўйича эришилган натижалар ўз ифодасини топган. 

Муаллифнинг фикр билдиришича, давлат органларининг очиқлиги туфайли ҳам фуқаролик жамияти, ҳам жаҳон ҳамжамияти вакиллари нафақат барча зарур ахборотни олиш ва турли лойиҳаларни амалга ошириш, балки тез ўзгариб бораётган замонавий дунёда жуда муҳим бўлган тўғридан тўғри алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлганлиги ҳам амалда кўрсатиб берилди. 

«Бу асосий омиллар барча соҳаларни, шу жумладан, меҳнат бозори ва умуман меҳнат муносабатларини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилди ҳамда Янги Ўзбекистон шароитида Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда беқиёс ўрин эгалламоқда. Саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсади – халқ учун қулай яшаш шароитларини яратиб бериш, одамлар келажакка ишонч билан қарай олишини таъминлашдир. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Қисқа даврда мамлакатда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади», деб ёзади Танзила Норбоева. 

Мақолада қайд этилганидек, президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли инсон ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатларини таъминлаш, шунингдек, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, болалар меҳнатига барҳам бериш борасида аниқ натижаларга эришишга муваффақ бўлинди. 

Сенат раиси эришилган натижалар ҳақида сўз юритар экан, 2016 йилда тизимли болалар меҳнатига барҳам берилганини алоҳида қайд этади. Бунинг натижасида Европа парламенти ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага тўқимачилик баёноти киритилишини ратификация қилди. Ҳужжат ЕИ мамлакатларига 3 минг номдаги Ўзбекистон тўқимачилик товарларини олиб киришда миқдорий чекловларни бекор қилиш ва божхона тўловларини камайтиришни назарда тутади. «GSP+» мақоми доирасида Ўзбекистондан олиб кириладиган тўқимачилик маҳсулотлари учун божхона ставкалари пасайтирилди ва 4 фоиздан 12 фоизгача этиб белгиланди.

Мақолада, шунингдек, 2020 йил декабрь ойида Еврокомиссия томонидан таҳлил ўтказилгани ва унинг асосида Ўзбекистоннинг «GSP+»да иштирок этиш мезонларига мос келиши ҳақида хулоса қилингани алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раисининг таъкидлашича, эришилган муваффақиятлар меҳнат муносабатлари соҳасидаги кенг кўламли тизимли ислоҳотларнинг самарасидир.

«Хусусан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш натижасида 2019-2021 йилларда 32 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ва баённомалари ратификация қилинди», деб ёзади муаллиф.

Мақола интиҳосида Сенат раиси Танзила Норбоева инсон ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор яратганини алоҳида қайд этган.

Top