21:09 / 28.04.2022
28544
Финландия ва Швеция НАТОга аъзо бўлса, Россия уларга қарши уруш очиши мумкинми? — Сиёсатшунослар билан интервью

Украинадан кейин НАТОга интилиш ортидан яна икки давлат – Финландия ва Швеция Россия билан зиддиятга кириб қолгандек.

Айни вақтда вазият шундайки, расмий Ҳелсинки ва Стокҳолм шу йилнинг ёзидаёқ НАТОга аъзолик учун ариза беришга тайёрланмоқда. Россия томони эса хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида Финландия ва Швецияни алянсга аъзо бўлиш оқибатларидан доимий огоҳлантириб келади.

Жумладан, Россия ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова 20 апрел кунги чиқишида Финландия ва Швецияни НАТОга аъзоликка интилиш оқибатларидан огоҳлантириб, шундай деди:

“Биз оммавий тарзда, ҳам икки томонлама каналлар орқали ўз огоҳлантиришларимизни бердик. Улар бу ҳақда билишади, шунинг учун ҳайрон бўлишнинг кераги йўқ. Бу нималарга олиб келиши борасида барчасидан хабардор қилганмиз”.

Kun.uz мухбири сиёсатшунослар Хайрулла Умаров ва Камолиддин Раббимов билан давлатлар ўртасида юзага келаётган ана шу мураккаб вазият ва унинг ривожи бўйича суҳбат уюштирди.

Kun.uz:

Финландия ва Швеция шу йилнинг ёзидаёқ НАТОга кириши мумкинлиги ва унинг атрофидаги гап-сўзлар кўп муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда реал вазият шундайки, Финландия июнда, Швеция эса ундан кейиноқ НАТОга кириш учун ариза бериши кутилмоқда.

Хўш, сизлар бир пайтлар нейтраллик эълон қилган ва шу сиёсат билан интенсив ривожланиб бораётган бу икки давлат нима учун ушбу ҳарбий тузилмага интилмоқда дея ҳисоблайсиз?

Хайрулла Умаров: 

Вазиятни таҳлил қилишдан аввал НАТО ўзи қандай ташкилот, деган саволга жавоб бериш керак?

Бу – 1949 йилда ташкил топган ҳарбий ташкилот. Алянснинг мақсади, ўша пайтдаги Совет Иттифоқи, унинг мафкураси ва қуролли кучларига қарши турадиган ҳарбий тузилмага айланиш эди.

СССР парчалангандан кейин ўтган вақт давомида эса НАТОнинг уч баробарга кенгайганини кўришимиз мумкин.

Энди сиз айтган Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзолиги масаласига ўтсак. Сиёсатда Юлий Цезар айтган бир фикр қоида сифатида олинади: “Тинчликни хоҳласанг, урушга тайёргарлик кўр”.

Шундай экан, ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай давлатнинг биринчи вазифаси эҳтимолдаги ҳолатларга тайёр туришдир. Бу борада улар қаердан хавф келишига қараб, ҳарбий тузилмалар жойини ҳам тақсимлаб боришади. Бу масаланинг назарий жиҳати.

Хайрулла Умаров

Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласини олайлик. Ҳозир бу ерда жуда қалтис вазият. Мен шу вазият учун холисона бир фикримни айтаманки, Украинанинг НАТОга яқинлашуви Россия учун жуда катта хавф эди.

Бу биринчидан анъанавий ҳудуд. Иккинчидан, ҳозирги – бешинчи авлод урушлари танклар ёки аскарлар билан эмас, балки ҳаво ҳужуми ва ракеталарга қарши турувчи тизимлар билан ишлайди.

СССР пайтида бу каби тизимлар Болтиқбўйи, Озарбойжон ва узоқ шарқда жойлаштирилган бўлса, бугунги кунда мана шу система Россияга яқинлашиб келмоқда. Яъни Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Россияга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланса, унга қарши уруш очиш истагидан далолат беради.

Табиийки, уруш пайтида чегаралар яқинлиги Россияга ракеталар ҳужумини осонлаштиради. Чунки ҳозирги ракеталар товуш тезлигидан-да тезроқ. Бу дегани ядро бомбалари 5-7 дақиқада Москвани текислаб қўйиши мумкин.

Айримлар Путинни нодонликда айбламоқда. Лекин уруш ҳақида қарор қабул қилиш давлат раҳбари учун ҳар доим энг оғир қарор бўлган. Қадимги тарихда Рим бўлсин, Наполеон бўлсин, улар учун ҳам уруш ҳақидаги қарор сўнгги чора сифатида қабул қилинган.

Демак ҳозирги вазият кучлар мутаносиблигининг бузилганидан далолат.

Финландия ва Швеция ҳам тарихдан Россия билан урушиб келади. Масалан, Пётр I давридаги шведларнинг Полтава остидаги жанглари ёки ундан кейинги яна бир қанча зиддиятлар ҳам уларнинг руслар билан давом этаётган зиддиятидан далолат беради.

Буларнинг НАТОга кириши ҳам Россия учун хавфларни пайдо қилади.

Масалан, Полша ёки Руминия НАТОга кирганда, Россия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг икки ёки учта ядро қуролларини Полша ва Руминияга тўғрилашини айтганди.

Табиийки, НАТО ҳам ўз ҳимоя тизимларини кучайтиришга ҳаракат қилади ва бу вазият урушга олиб келди.

Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзолиги бутун қуролли кучларни ягона стандарт атрофида бирлаштириш дегани. Бу АҚШ стандарти. Бу шунингдек, аъзо давлатдан анча вақт ва катта пул ҳам талаб қилади.

Иккинчидан, бу Америка кучларининг ўша давлатга етиб келиши ва у ерга ядро кучларининг жойлаштирилишини ҳам билдиради.

Шунинг учун вазиятга жиддий ўйлаган ҳолда баҳо бериш лозим.

Камолиддин Раббимов: 

Коллектив ғарбнинг НАТОга аъзо бўлиш борасида Швеция ёки Финландия жамоатчилигига босими мавжуд эмас. Бу ерда “лобби”лар ишламаяпти.

Бу икки давлатда НАТОга аъзолик бўйича жамоатчиликнинг муносабати ҳар доим ўрганиб келинган. Жумладан, Украина урушидан олдин ҳам Швецияда тахминан 40-50 фоиз аҳолиси алянсга аъзоликни ёқлаган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори.

Финландияда ҳам ташкилотга аъзолик бўйича урушдан аввалги кўрсаткич 50 фоиз эди, аммо бугунга келиб у 70 фоизни кўрсатмоқда. Яъни ўсиш юқори.

Бу борада фин ва швед сиёсатчилари Россиянинг дахлсизлик бўйича берган ваъдаси Украинада бўлгани каби ишламай қолишидан хавотирда.

Чунки Россияда қарор қабул қилиш ниҳоятда марказлашган. Бунда Путиннинг қарорини ҳаттоки Лавров ҳам тахмин қилолмайди.

Масалан, у Украинага қарши уруш бўлмаслигини айтганди, лекин уруш бошланди.

XXI асрда бир демократик давлатга бошқа бир авторитар давлатнинг бостириб кириши бу мисли кўрилмаган ҳодиса. Бу дунёнинг хавфсизлик архитектурасига ва ғарб жамоатчилик фикрини координал ўзгартирди.

Камолиддин Раббимов

Украинанинг НАТОга интилишида икки қадрият бор. Бунда биринчи қадрият, Украина хавфсизлиги бўлса, иккинчиси унинг тарихий мустақиллиги.

Бу ўринда Украинанинг ҳам далиллари, аргументлари борки, унга кўра, украин сиёсатчилари қуйидаги табиий саволларни ўртага қўяди: XIX асрда биз Россияни босиб олдикми? XX асрда тоталитар ва атеистик давлатни биз қурдикми? Совет иттифоқининг асосида биз турдикми?

Йўқ, аксинча, биз мустақиллигимизни йўқотдик. Репрессиялар даврини бошдан кечирган миллатмиз, дейишади.

Яъни бу ўринда ҳар бир давлат ва жамиятларнинг ўз қадрияти борлигини эсдан чиқармаслик керак.

Икки сиёсатшунос ўртасида жиддий баҳслар билан ўтган ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top