21:49 / 28.04.2022
40824
Фронтдаги вазият: Донбассдаги украин ҳарбийлари артиллерия зарбалари остида

Россияпараст айирмачиларга қарши курашиб келаётган Украина кучлари Донбассдаги позицияларини 2014 йилдан буён эгаллаб турибди. Улар ҳамон мудофаани ушлаб туришибди, аммо энди онда-сонда бўладиган тўқнашувлар ўрнини кенг кўламли уруш эгаллаган. BBC мухбири фронт чизиғига бориб, украин ҳарбийларининг вазияти билан танишди.

Лейтенант Денис Гордеев саккиз йилдан буён Донбассдаги айирмачиларга қарши курашади

Лейтенант Денис Гордеев урушга кўникиб кетган, аммо бунақасига эмас. «Энди анча қийинлашди. Бизни бомбалашмоқда ва ҳар куни, ҳар соатда ракеталар билан ўққа тутишмоқда», дейди у.

Гордеев саккиз йилдан буён Донбассда Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачилар билан жанг қилиб келади, аммо у ва унинг одамлари энди Россия армиясининг бутун кучига қарши туришига тўғри келмоқда.

Уч ҳафтадан ошиқ вақт муқаддам Киев атрофидан чекинган Россия Донбассни тўлиқ эгаллаб олиш мақсадида ўз ҳарбий амалиётларини Украина шарқига қаратди. Бу ерга Россия армиясининг кўплаб бўлинмалари олиб келинди.

Ғарбдагиларнинг баҳолашича, Россия регионга 76 та батальон тактик гуруҳларини жойлаштирган, уларнинг ҳар бири 800 нафар атрофида ҳарбийлардан иборат.

Ғарблик экспертларнинг қайд этишича, россиялик ҳарбийлар урушнинг биринчи босқичида йўл қўйилган хатолардан хулосалар чиқаришган. Бу энди улар қисқароқ фронтда ва бир қўмондонлик остида жанг қилишларига ёрдам беради.

Натижада украин кучлари Донбассда 300 километрлик фронт линиясини ушлаб туриши қийин бўлмоқда. Улар аллақачон айрим позицияларидан чекинишган, катта эҳтимол билан, яқин кунларда янада кўпроқ позициялар бой берилади.

Россия кучлари разведка жанглари олиб боришмоқда ва бу орқали Украина мудофаасининг заиф нуқталари аниқлаб олинмоқда.

Ҳозирча россиялик ҳарбийлар Изюм шаҳри жанубида ва Северодонецк ва Попасная шаҳарлари атрофида мустаҳкам ўрнашган. Россияликлар ҳали бирор жойда фронт чизиғини ёриб ўтмаган бўлишса-да, ҳужумлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда.

Лейтенант Гордеев у ва унинг одамлари Россия қўшинларининг қайта гуруҳланиши оқибатларини ҳис қилаётганини айтган.

BBC мухбирлари ташриф буюришидан бир кун олдин, 26 апрел кунги жангларда унинг бир одами ҳалок бўлган, беш нафари яраланган. Бу Украина кучларининг ҳар куни давом этаётган жанглардаги йўқотишларининг кичик бир қисми, расмий маълумотлар эса эълон қилинмаган. Мухбирлар яқин атрофдаги дала госпиталига кирмоқчи бўлишган, аммо уларни киритишмаган.

Буни сўнгги кунларда кўп гапирилаётган Россия армиясининг йирик амалиёти бошланиши деб ҳисоблаш мумкинми ёки бу ҳали унинг дебочасими?

Ҳозирча бунга аниқ жавоб йўқ. Айни вақтда Россия армияси асосан артиллерия ва ракеталардан фойдаланиб, украинлар мудофаасини заифлаштиришга интилмоқда. Айрим ҳарбий таҳлилчилар кенг кўламли юришлар ҳали олдинда эканини тахмин қилишмоқда.

Украина кучлари эса, жумладан лейтенант Гордеевнинг бўлинмаси, Ғарбдаги экспертлар Россия армияси сон жиҳатдан икки баробар кўплигини айтаётганига қарамай, ҳозирча мудофаани ушлаб турибди.

Экспертлар, шунингдек, Украина катта эҳтимол билан Россия армияси юриш қилиши қийин бўладиган муҳим шаҳарларни ҳимоя қилиш учун очиқ майдонлардаги ҳудудларни бой беришига тўғри келишини тан олишган.

Мухбирга лейтенант Гордеевнинг олдинги позициядаги жанглар вақтида қисқа муддатга нафас ростлаши учун мўлжалланган пунктини кўрсатишган. Бошқарув пунктида аскарлар ўзига хос ибодатхона ташкил этишган ва бу ерда ғалаба учун ибодат қилишади. Аммо бу жой одатдаги черковга ўхшамайди - бу ерда доимий равишда артиллерия зарбаларининг акс-садоси эшитилиб туради.

Окопларга боришда Гордеев миномётлардан йўлланадиган зарбалар ва снайперлар ўқи доимий хавф солиб туриши ҳақида гапиради. Унинг олдинги позицияси Россия ҳарбийлари позициясидан 600 м масофада жойлашган.

Фронтдаги пейзаж очиқ қишлоқ ҳудудидан иборат, қаердадир дарахтлар орасига яшириниш мумкин. Ўқтин-ўқтин ўқотар қуролдан ўт очилиши овозлари эшитилиб туради.

«Россияликлар тинимсиз Украина ҳудудига кириб келишмоқда. Ва биз улар қачон тўхташини билмаймиз. Биз уларнинг саёҳати қачон якунланишини билмаймиз», дейди лейтенант Гордеев. Урушгача у ҳуқуқшунос бўлган ва ҳозирда қачондир одатий ҳаёт тарзига қайтишига умид қилади. Аммо бугун, унинг сўзларига кўра, унинг учун асосийси - бу урушда ғалаба қилиш.

Душман кўзидан панада бўлган окоплардаги кайфият нисбатан хотиржам, гарчи аскарларнинг ҳорғин юзида яқинда бўлиб ўтган сўнгги жангнинг танглиги акс этиб турган бўлса-да.

Аскарлар ўз қуролларининг бир қисмини кўрсатишади: советлар даврига мансуб, ҳозирга қадар бутун дунё бўйлаб қуролли можароларда қўлланиб келаётган йирик калибрли ДШК пулемётлари ва реактив гранатомётлар.

Буларнинг аксари советлар даврида ишлаб чиқарилган эскирган қуроллар, аммо уларда Швеция-Британия маҳсулоти бўлмиш танкка қарши кўчма NLAW ракета мажмуаси.

Британлар томонидан ишлаб чиқарилган танкка қарши ракета мажмуасини кўтариб турган украин аскари

Лейтенант Гордеевнинг қўли остидагилардан бири уруш бошланишидан олдинроқ британ ҳарбийлари томонидан NLAW дан фойдаланишга ўргатилган. Лейтенантнинг сўзларига кўра, бундай ракета билан улар аллақачон Россия танкини яксон этишган.

«Бизга шундай қуроллар керак», дея такрорлайди лейтенант Гордеев. Унинг сўзларига кўра, Россия - милитар (ҳарбийлашган) давлат, Украинанинг қурол ишлаб чиқариш қобилиятига эса путур етган. У уруш тақдири Ғарбнинг қурол етказиб бериш-бермаслигига боғлиқлигини таъкидлайди.

Лейтенант Гордеев ўз ҳарбийларининг жанговар руҳи ҳамон юқори эканини тасдиқлайди: улар ватанни ҳимоя қилишмоқда.

Аммо президент Путин имкон қадар тезроқ ғалаба сифатида эълон қилиш учун қандайдир ютуқ керак - эҳтимол 9 май кунигача.

Вақт Украина фойдасига хизмат қилади — фақат Ғарбнинг қурол етказиб бериш оқими тўхтаб қолмаса ва украин армияси Россия қўшинларининг кундан кунга кучайиб бораётган ҳужумларини тўхтатиб турса.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top