08:26 / 28.04.2022
21977
Қатор озиқ-овқат маҳсулотларига берилган ҚҚС имтиёзлари йил охиригача узайтирилиши кутилмоқда

Гўшт, картошка, ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар импортига берилган ҚҚС имтиёзлари 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Парламент депутати Дониёр Ғаниев Telegram-каналида ёзишича, Cолиқ кодексига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишга оид амалдаги имтиёзлар муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилади.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар гўшт (мол, қўй), тирик ҳайвонлар (мол, қўй) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, шунингдек картошкани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича айланмаларни ҳам ҚҚСдан озод қилиш таклиф этилмоқда.

«Жаҳон банки экспертлари фикрича, Украинадаги вазият туфайли бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари охирги 50 йилда кузатилмаган рекорд даражада ошиши кутилмоқда. Айниқса, ўсимлик ёғига бўлган глобал талабни 60 фоиз Украина ва Россия экспорти ҳисобига қондирилиши ҳисобга олинса, дунё бозорларида ўсимлик ёғи нархлари йил давомида камида 30 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Табиийки, бундай ҳолатда ўсимлик ёғи, шунингдек гўшт ва картошка маҳсулотлари импортига нисбатан ҚҚС имтиёзлари берилиши аҳолимизнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархларини бозорларда барқарор сақлашга хизмат қилади», деб ёзди у.

Ғаниевнинг маълумот беришича, банан, ананас ва бошқа ситруслар учун бождан озод қилиш бўйича жорий йилнинг 1 майига қадар берилган имтиёзлар муддати ҳам йил охиригача узайтирилиши мумкин.

«Тан олиш жоизки, бу ҳаракатларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг харид қобилиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, инфляция даражасини 10–12 фоиз атрофида ушлаб туриш имконини беради», дея фикр билдирган депутат.

Маълумот учун, кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш 2021 йил 1 майдан бери, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар ҳамда картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш 2021 йилнинг 10 октябридан бери қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Top