08:09 / 03.05.2022
22275
Россия футбол жамоалари еврокубоклардан четлатилди

УЕФА Россия клублари ва миллий жамоаларининг ташкилот шафелигида 2022/23 йилги мавсумда ўтадиган барча халқаро турнирлардан четлатилганини эълон қилди. 

Фото: STANISLAV KRASILNIKOV/TASS

«Россия клублари 2022/23 йилги мавсумдаги УЕФА турнирларида бўлмайди», дея хабар қилган УЕФА расмий сайти.

24 февраль куни Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига бостириб киргач, 28 феврал куни рус клублари ва миллий жамоа ФИФА ва УЕФА томонидан жорий мавсумги халқаро турнирлардан четлатилган ва Россияга нисбатан турли санкциялар эълон қилинган эди.

Қарор «кейинги хабарга қадар» формулировкаси билан қабул қилинган.

Championat.com нашрининг ёзишича, Россия клубларини еврокубоклардан, миллий жамоани - Европадаги турнирлардан четлатиш якуний қарор бўлмагани, европалик футбол амалдорларида икки вариант бўлган: миллий жамоа ва клубларни кейинги мавсум учун тўлиқ четлатиш ёки четлатиш бўйича қарорн кейинги қароргача узайтириш.

Иккинчи вариант Россияга Евро йўлланмаси учун курашиш имкониятини қолдирган бўларди. Аммо УЕФА амалдорлари қатъийроқ бўлган биринчи вариантни танлашди.

Шу тариқа, эркаклар миллий жамоаси нафақат Миллатлар лигасини ўтказиб юборади, балки Евро-2024 чемпионати учун саралаш турнирида ҳам қатнаша олмайди, саралаш ўйинлари 2023 йил мартида бошланади. 

Футбол бўйича Россия аёллар миллий жамоаси эса Евро-2022дан четлатилиб, унинг ўрнига Португалия қитъа чемпионатида қатнашадиган бўлди.

Бундан ташқари, Россия Премьер-лигаси клублари 2022/23 йилги мавсумда ҳам Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси ва Конференциялар лигасида иштирок эта олмайди. Шунингдек, рус клублари мини-футбол бўйича УЕФА байроғи остида ўтадиган мусобақаларда ҳам қатнаша олмайди. 

Қолаверса, Россия U21, ёшлар, ўсмирлар миллий жамоалари ҳам кейинги мавсум учун халқаро турнирлардан дисквалификация қилинган.

Буларга қўшимча равишда, Россиянинг Евро-2028 ва Евро-2032 турнирларини мезбонлиги борасида топширган аризаси ҳам УЕФА ижроқўми томонидан қабул қилинмайди. 23 март куни Россия футбол иттифоқи президенти Александр Дюков Россия Евро-2028 ёки Евро-2032 турнирларидан бирини қабул қилиш истагида эканини маълум қилганди.

Top