20:01 / 04.05.2022
14866
Станислав Шушкевич вафот этди. У СССР расман тарқалганини ифодаловчи «Беловежск келишуви» ижодкорларидан эди

4 май куни мустақил Беларусь республикасининг илк раҳбари Станислав Шушкевич 87 ёшида вафот этди.

Фото: ТАСС

Шушкевич ҳақида гапирганда кўпчилик унинг тарихий «Беловежск келишуви»даги иштироки билан эслайди. СССР дунё геосиёсий майдонидан расман йўқ бўлганига асос ўлароқ хизмат қилган ўша келишувнинг ижодкорларидан бири айнан Шушкевич бўлган.

Шушкевич ёшлигида америкалик Ли Харви Освальдга рус тилини ўргатган. Освальд кейинчалик АҚШ президенти Жон Кеннедини ўлдирганликда айбланган эди. Шушкевич 1994 йил январда АҚШ президенти Бил Клинтонни Беларусь раҳбари сифатида қабул қилган эди. Ўша йил ёзда эса Александр Лукашенко Беларусь президентига айланади.

Шушкевич охирги кунларигача СССР тарқалиши катта хато бўлган деб ҳисобловчи Александр Лукашенконинг танқидчиси бўлиб келган. Унинг ўғли ҳам ҳукумат танқидчиларидан эди ва ижтимоий тармоқда ҳукумат танқид қилинган постни улашгани учун 10 сутка қамалиб ҳам чиққан.

СССРни тарихга айлантирган келишув

1991 йил 7-8 декабр кунлари Беларусь ҳукумат қароргоҳи бўлмиш Вискулида Россия президенти Борис Елцин, Украина президенти Леонид Кравчук, Беларусь Олий кенгаши раиси (давлат раҳбари) Станислав Шушкевич йиғилади. Улар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ҳам чақиришади, ҳатто унинг самолётидаги телефонига қўнғироқ қилишади, аммо Назарбоев учрашувга бормайди. Шушкевичнинг эслашича, Назарбоев «Ҳозир, ёқилғи қуямиз ва ёнингизга учаман», деб айтганича Беларусга эмас, Москвага –Горбачёвнинг олдига учади.

Бу вақтда Беларусь Россия ва Украина етакчилари тарихий битимни имзолашга тайёргарлик кўраётган эдилар. Бу битим тарихда «Беловежск келишуви» номи билан қолади. Бу СССР халқаро ҳуқуқ ва геосиёсий майдонда ортиқ мавжуд эмаслигини ифодаловчи ҳужжат эди. У имзоланган қароргоҳ Беларусдаги Беловежск ўрмонида жойлашгани учун шундай ном олади. Россия, Украина ва Беларусь СССРнинг таъсисчилари сифатида уни расман йўқ бўлганини ифодаловчи ҳужжатни ҳам имзолайдилар.

Кейинчалик бу келишувни қолган собиқ иттифоқ давлатлари ҳам имзолайди ва расман Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилоти тузилади. Станислав Шушкевичнинг айтишича, СССР тарқалиши муқаррар бўлган ва МДҲ ташкил этилгани тўғрисидаги «Беловежск келишуви» совет империясини воқеалар ривожининг «югославча варианти»дан қутқариб қолади. Яъни, барча 15 республика қонуний тарзда ўз чегараларига эга бўлган ҳолда (кичик келишилмаган ҳудудлар билан бирга) ажралиб чиққанди.

Беловежск келишуви ҳақида айнан Шушкевич Горбачёвга хабар қилган. Келишув имзолангач, Шушкевич ўзида енгиллик ҳис қилганини эслайди, аммо танасини қўрқув эгаллаб олганини ҳам тан олади. Шу сабаб Беловежскдаги қароргоҳдан самолётда эмас, машинада уйга қайтади.

Шушкевичнинг айтишича, имзоланган ҳужжатни ратификация қилишга коммунистлар қаршилик қилади деб ўйлаган, аммо иттифоқдош давлатлар қаторида Беларусь ҳам «МДҲ тузилгани тўғрисидаги» ва «1922 йилги СССР тузилгани ҳақидаги ҳужжатни денонсация қилиш тўғрисидаги» ҳужжатни ратификация қилади.

2013 йилда маълум бўлишича, Минскда сақланаётган «Беловежск келишуви»нинг асл нусхаси ғойиб бўлган ва ўрнида кўчирилган нусха қўйилган.

Кеннеди қотили деб айтиладиган Освальд билан муносабатлари

АҚШ президент Жон Кеннедининг расман қотили деб аталадиган Ли Харви Освальд марксизм ва социализм ғояларидан илҳомланиб 1960 йилда СССРга боради. АҚШ денгиз кучларининг собиқ зобити бўлган Ли Харви 19 ёшида СССРга боргач, унга Минскдан уй беришади ва Ленин номидаги Минск радиозаводига ишга жойлаштириб қўйишади. Унинг янги иш жойига мослашишига заводнинг инглиз тилини биладиган хўжайини Станислав Шушкевич ёрдам беради. Шу тариқа Беларуснинг бўлажак етакчиси кейинчалик Кеннедининг қотили деб айбланадиган йигитга рус тилини ўргатади.

Клинтоннинг ташрифи

АҚШ президенти Билл Клинтон айнан Шушкевичнинг ташаббуси билан 1994 йилда Беларусга боради. Шунчаки эмас, расмий давлат ташрифи билан. 8 соат давомида Беларусда бўлган Клинтон Ғалаба монументида бўлади, ёшлар билан учрашади, махсус ёдгорлик скамейкаси ўрнатилишида иштирок этади, Сталин репрессияси вақтида оммавий қирғин амалга оширилган ўрмонга ҳам боради.

Клинтоннинг Минск атрофидаги ўрмонга бориши Беларусь ҳукумати вакилларида норозилик уйғотади, КГБ меҳмонларнинг ўрмондаги хавфсизлигини таъминлай олмаслигини маълум қилади. Аммо АҚШ томони хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олади ва Клинтон репрессия қурбонлари ўлдирилган жойда бўлади. Бу АҚШ президентларининг мустақил Беларусь давлатига биринчи ва охирги ташрифи эди. Шушкевич мана шундай тарихий воқеалар ва Лукашенконинг танқидчиси сифатида тарихда қолди.

Top