10:55 / 27.05.2022
5824

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара божхона постлари ўтказувчанлигини оширишга келишиб олди 

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятлари оширилади.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Жорий йил 26 май куни Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари ходимлари ўртасида видео-конференц-алоқа тарзида учрашув бўлиб ўтди.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, учрашувда икки давлат божхона хизматларининг соҳавий ва ҳудудий бошқармалари, чегарадош божхона постлари бошлиқлари иштирок этди.

Йиғилишда божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш борасидаги мавжуд муаммолар ва келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар, божхона постларини реконструкция ва модернизация қилиш, ўзбек-қозоқ давлат чегараси орқали ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва фуқароларга қулайликлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ўзбек-қозоқ давлат чегарасида 10 та божхона постлари ва 2 та божхона пунктлари фаолият олиб бораётган бўлиб, сутка давомида ўртача 2700 та транспорт воситаси ва 7200 нафар йўловчи ҳаракатланмоқда.

Учрашув якунлари бўйича тегишли тадбирлар белгилаб олинди.

Top