11:38 / 26.06.2022
78735
Тунда отилган ўқ. Хатирчида содир этилган мудҳиш қотиллик тарихи

Бундан 19 йил олдин Навоий вилоятининг Хатирчи туманида содир этилган жиноят тилдан тилга кўчиб, одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган. Тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи – ўз уйида бошидан отилган мурда атрофида қўлбола ўқ ясашда ишлатиладиган 3 дона «пиж» топилган, холос. 600 нафардан ортиқ одам гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган мазкур ишни очиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига осон бўлмаган.

Қорачадаги қора тун

2003 йилнинг 7 ноябридан 8 ноябрга ўтар кечаси. Хатирчи тумани, Ибн Сино ширкат хўжалигининг Қорача қишлоғи. Атроф жим-жит, барча уйқуда. Бироқ кутилмаганда тун сукунатини қишлоқдаги хонадонлардан бирида отилган милтиқ овози бузиб юборади.  

Ярим тунда қайтиб уйғонмаслигидан бехабар ҳолда ўз уйида ухлаб ётган Муҳиддин Шамсиев отиб кетилади. Марҳумнинг яқинлари дарҳол туман ИИБга хабар қилишади. Вилоятдан ҳам тегишли ходимлар зудлик билан воқеа жойига етиб боришади.

Қоронғи тунда қотилликка қўл урганлар жуда «тоза» ишлашган, ўзларидан деярли из қолдиришмаганди. Тергов гуруҳи олдида жуда катта иш – чақилмаган ёнғоқдек сирли жумбоқ турарди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Далилий ашё – 3 дона «пиж»

Қотиллик жинояти ўғирлик ёки талончилик билан боғлиқ эмаслиги дастлабки кузатувдаёқ маълум бўлади. Чунки Шамсиевнинг уйидан бирор буюм олиб чиқиб кетилмаган, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳам, 2 600 АҚШ доллари миқдоридаги пул ҳам сандиқда турарди. Ҳатто хонадон эшикларини қасддан бузиб кириш аломатлари топилмаган.

Тергов гуруҳи марҳумнинг уй-жойини синчковлик билан кўздан кечиради. Жараёнда ўқ учида бўлувчи 3 дона, картон қоғоздан ясалган «пиж» далилий ашё сифатида топилган, холос. Дарҳол вилоят бўйича ўқотар қуроли борлиги гумон қилинганлар, босқинчилик, талончилик, ўғрилик билан қамалиб чиққан шахслар кузатув остига олинади. Аммо иш борган сари чигаллашиб борар, калаванинг учи эса ҳадеганда топилавермасди. Тергов гуруҳи ишнинг ечимини топишда қийинчиликларга дуч кела бошлайди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Ҳақиқатга айланган тахмин

Хонадондан ҳеч нарса олиб кетилмагани аниқ бўлгач, Муҳиддин Шамсиев ёлланма қотиллар томонидан отиб кетилгани ҳақидаги тахмин илгари сурилади. Тергов гуруҳи марҳум билан олдиндан ўзаро адовати бор бўлган шахсларни аниқлаб, уларнинг жиноятга алоқадорлигини текшириб чиқади. Булар орасида Муҳиддин Шамсиев ишлаган Ибн Сино ширкат хўжалиги собиқ раиси Баҳодир Қурбонов ҳам бор эди. Собиқ раис ва марҳум ўзаро келишмасди. Чунки раис ишдан олинишига Шамсиев сабаб бўлганди.

Баҳодир Қурбонов 2002 йил июн ойидан 2003 йил октябргача Ибн Сино ширкат хўжалиги раиси лавозимида ишлаб, кўп миқдорда давлат мулкини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборади. Ўша пайтда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда давлат ва жамият манфаатларига жами 4 млн 343 минг сўм зарар етказган. Бундан хабари бўлган Муҳиддин Шамсиев унинг ҳаракатлари ҳақида кетма-кет тегишли органларга мурожаат йўллаган. Бунинг натижасида раис ишдан олинган. Тўпланган далиллар шу зиддият ортидан жиноят содир қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни юзага чиқаради. 

Баҳодир Қурбонов ва унинг ҳайдовчиси Обид Ҳамидов қотилликда гумонланиб, қамоққа олинади. 

Раиснинг буюртмаси

Ишдан бўшатилган Баҳодир Қурбонов ҳали ҳам ширкатга тегишли машинада юрарди. Бир куни у ўйлаб юрган шум режаси – Шамсиевни гумдон қилиш кераклигини, хизмат учун 2 млн сўм беришини ҳайдовчиси Обид Ҳамидовга айтади. Гарчи ишдан кетган бўлса ҳам шефнинг топшириғи топшириқ, уни бажармаса бўлмайди, деб ҳисоблаган ҳайдовчи ёлланма қотил излашга тушади. Орадан икки кун ўтиб, Обид Ҳамидов излаган одамларини топади ва раисга иш битгани, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон кечишини билдиради.

2003 йилнинг 5 ноябр куни ярим тунда ҳайдовчи Обид Ҳамидов «Газ-31» машинасида киллерларни олиб, Қорача қишлоғига келади. Йигитларни манзилда тушириб, ўзи олисроқда кутиб ўтиради. Қотиллар Муҳиддин Шамсиевнинг уйи олдига бориб, эшикни тақиллатишади ва Фарҳод исмли табелчининг уйини кўрсатиб юборинг, дея баҳона қилишади. Аммо кўнгли ёмонликни сезганми, Шамсиев эшикни очмасдан жавоб қайтаради. Бу билан жиноий гуруҳнинг режаси барбод бўлганди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Орадан икки кун ўтиб, навбатдаги уриниш амалга оширилади: қотиллар иккинчи марта Қорачага боришади ва Шамсиевнинг уйига киришади. Сўнг ўзлари билан олиб борган, олдиндан ўқлаб қўйилган қирқма милтиқ билан диванда бамайлихотир ухлаб ётган Шамсиевнинг бош қисмига ўқ узишади. Шу тариқа, собиқ раиснинг «закази» бажарилади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Жиноят жазосиз қолмади

Мазкур жиноятни очишда бир қанча тезкор ҳаракатлар олиб борилган, 600 нафардан ортиқ одам гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Шунингдек, 50 дан ортиқ юзлаштириш тергов-ҳаракатлари амалга оширилган ва ўндан ортиқ экспертизалар тайинланиб, хулосалар олинган.

Якунда жиноят Баҳодир Қурбонов томонидан ёлланган Обид Ҳамидов, Валишер Омонов ва Бакир Шамилов томонидан содир этилгани тасдиқланган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди ҳукмига кўра, Баҳодир Қурбонов ва Валишер Омонов 18 йилдан, Обид Ҳамидов 16 йил ҳамда Бакир Шамилов 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Материал Навоий вилояти ИИБ билан ҳамкорликда тергов материаллари асосида тайёрланди.

Top