15:55 / 28.06.2022
6128
“Google'га ишониш ўзингизга ҳавола” — Telegram аудиони матнга ўтказишнинг хавфсизлигига изоҳ берди

Павел Дуровнинг айтишича, Telegram Premium обуначиларига тақдим қилинган овозли хабарларни матнга айлантириб бериш функцияси Google'дан ижарага олинган техник жиҳозлар ёрдамида амалга оширилади. Google компанияси эса, келишувга кўра, фойдаланувчининг маълумотларидан бошқа хизматлар ёки реклама учун фойдаланиши мумкин эмас.

Фото: Kun.uz

“Telegram фойдаланувчиларининг исмлари, телефон рақамлари, IP-манзиллари каби шахсий маълумотларини Google билан баҳам кўрмайди. Бундан ташқари, Telegram ҳеч қачон учинчи шахсларга автоматик равишда, фойдаланувчиларнинг аниқ сўровисиз ҳеч қандай маълумот юбормайди”, – дейди Telegram асосчиси.

Маълум қилинишича, овозли хабарларни қабул қилувчи фойдаланувчилар уларни ҳар кимга, масалан, матнга айлантириш учун ботларга юборишлари мумкин. Telegram Premium обуначиларига эса компания махсус тугма ёрдамида ушбу хизматни ўзи таклиф қилади. Бу тугмани босиш орқали хабарни матнга ўгириш бўйича сўров юборилади. Telegram овозли хабарларни матнга ўгирадиган техник жиҳозларни Google'дан ижарага олган.

“Google'нинг пулли технологиясидан фойдаланиш ҳақидаги қарор транскрипция (овозни матнга ўгириш) сифатини максимал даражада ошириш имконини беради, шу билан бирга маълумотлар хавфсизлигига таъсир қилмайди. Чунки Telegram ва Google ўртасидаги келишувга кўра, Google ушбу аноним аудио маълумотлар билан ҳеч нарса қила олмайди – фақат улар асосида матнли талқинларни яратиш ва уларни қайта юбориш бундан мустасно (хусусан, компания улардан бошқа хизматлар ёки реклама учун фойдаланиши мумкин эмас)”, – дейилади компания тақдим қилган маълумотда.

Павел Дуровнинг айтишича, бу борада Google билан ҳамкорлик қилиш ўрнига, ўзларининг бепул ечимидан фойдаланиш ёки бошқа кичикроқ компания билан ишлаш арзон бўлиши мумкин эди, лекин бу хизмат сифатига салбий таъсир қилган бўларди.

“Техник ускунамизда ўзимизнинг бепул ечимимизни ўрнатиб фойдаланиш ёки кичикроқ ёки минтақавий ўйинчилар (компаниялар) технологиясидан фойдаланиш биз учун анча арзонроқ бўлар эди. Бироқ бу кўпчилик тилларда овозли хабарларни таниб олиш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ҳолда, биз анъанавий равишда, фойдаланувчиларимизга кўпроқ қулайлик яратиш учун қўшимча харажатларга борамиз”.

Компания Google кафолатига ишониб, бу хизматдан фойдаланиш Premium обуначилари учун ихтиёрий эканлигини эслатиб ўтган.

“Google кафолатларига ишониш ва овозли хабарларни матнга айлантириш функциясидан фойдаланиш – бу танловни биз Telegram Premium обуначиларининг ҳар бирининг ўз ихтиёрига қолдирамиз”.

Шунингдек, фойдаланувчиларга уларнинг ўзлари Telegram'га тақдим этган шахсий маълумотлари билан боғлиқ ҳуқуқлари эслатилган:

“Амалдаги маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, муайян ҳолатларда сиз шахсий маълумотларингизга тегишли ҳуқуқларга эгасиз. Жумладан, сиз:

  • бизда сақланаётган барча шахсий маълумотларингиз нусхасини талаб қилиш ва бу нусхани бошқа маълумотларни ишлаб чиқиш операторига бериш;
  • шахсий маълумотларингизни ўчириш ёки ўзгартириш;
  • шахсий маълумотларингизни қайта ишлашни чеклаш ёки унга эътироз билдириш;
  • бизда мавжуд бўлган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган шахсий маълумотларингизни таҳрирлаш;
  • сизнинг шахсий маълумотларингизни қайта ишлаш бўйича миллий маълумотларни ҳимоя қилиш органларига шикоят қилиш каби ҳуқуқларга эгасиз”, – дейилади Дуров баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойининг бошида мессенжернинг пулли версияси ишга тушди. Бир ойлик обуна нархи қурилма ва давлатга қараб 4 доллардан 5,5 долларгача бўлган Telegram Premium'да ҳажми каттароқ файлларни юбориш, янгича стикерлар, овозли хабарларни матнга ўгириш каби қўшимча функциялар бор.

Top