19:24 / 20.07.2022
30362
Ягона формага ўтаётган мактаблар: бундан ким қандай фойдани кўзлаган?

Давлат умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун мажбурий формалар жорий этиш яна бошланди. Ижроси 2025 йилга қолдирилган масаланинг шошқич тарзда кун тартибига чиқарилишига нима асос бўляпти, жамоатчилик нима фикрда, ишлаб чиқарувчилар бунга тайёрми? Ушбу мақолада шулар ҳақида фикр юритамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилда қабул қилинган 666-сонли қарори билан мактабларда мажбурий формаларни жорий этиш кейинчалик 2024/25 ўқув йилигача кечиктирилган эди. Бироқ жорий йилнинг 19 майида ҳукумат ўзининг 271-сонли қарор билан ягона мактаб формасига ўтишни 2022/23 ўқув йилидан бошлаб жорий қилди.

 

 

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда журналистлар учун Наманган вилоятидаги корхоналарда тикилаётган мактаб формаларини бориб ўрганиш мақсадида пресс-тур ўтказилди. У ерда ягона мактаб формасини жорий этишдан кўзланган мақсад мактабда ижтимоий тенгликни жорий этиш экани, ўқувчилар мактабда кийиниш масалаларига чалғимасдан фақат таълим олиш билан банд бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

Ҳукуматнинг 2018 йил 666-сонли қарорида ҳам мақсад давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш эканлиги урғуланган.

Уни жамоатчилик қандай тушунди?

Ижтимоий тармоқларда давлат мактабларида ўқувчилар формасини жорий этишдан кўзланган мақсад — диний эътиқодни жиловлаш эканлиги борасида фикрлар ҳам бот-бот билдирилмоқда. Бу фикрларда оз бўлса-да жон бордек. Чунки таълим муассасаларига рўмол ўраб борган қизларга тазйиқ ўтказилгани билан боғлиқ воқеалар республиканинг турли ҳудудларида аввал ҳам кўп кузатилган.

Масалан, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 45-мактаб директори Зубайда Тошпўлатова мактабга рўмол ўраб келган қизга ўдағайлаб, «Шу мактабда ўқимоқчи бўлсанг, рўмолингни ечасан», деганди.

Андижон вилояти Избоскан туманидаги 25-мактаб директори рўмол ўраган ўқувчи қизни «қаматаман», деб қўрқитгани юзасидан халқ таълими вазири шахсан муносабат билдирган эди.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги 10-мактабнинг рўмол ўраган бир гуруҳ ўқувчи қизлари ИИБ ходимаси олдида тик тургани тасвирланган сурат тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

1HFeBF7oV-LzGA4Vn7v4VfY83C5XkW6K.jpg (680×376)

Намангандаги сафарда ишлаб чиқарувчилар ва таълим соҳаси мутасаддилари ҳам Ўзбекистонда дунёвий давлат эканлигини таъкидлаб, ягона мактаб формасини имкон қадар тезроқ жорий этиш зарурияти туғилганини таъкидлашди.

Айни шу кунларда Гулистон туман халқ таълими бўлимига тегишли деб айтилган Телеграм-канал эса исломофобик матнни репост қилди. (архивланган линк).

Кейинчалик ушбу пост ўчириб ташланди. Пост юзасидан Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдириб ўтди.

«Агрессив мазмунда ёзилган ушбу пост Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими номидан очилган саҳифада эълон қилинганлиги ва кейинроқ пост ўчирилганлиги тасдиқланди.

Ушбу материал бошқа ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинган бўлиб, соҳа ходимларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги оқибатида каналга жойланган. Лекин бу нарса ушбу ҳолатга йўл қўйган масъулни жавобгарликдан озод қилмайди.

Айни вақтда мазкур ҳолат бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда ҳамда ушбу ҳолатга йўл қўйган масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланишини маълум қиламиз», — дейилади вазирлик муносабатида.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 666-сонли қарорининг иловаларида 1–6-синф қиз болалар учун юбканинг трапеция шаклида тикилган ва ён қисмида тўртта йиғма мавжудлиги, юбка кийиб юрилганида тиззадан тепасини тўлиқ ёпиши ва тиззадан пастга кўпи билан 8 см.гача узайтирилиши мумкинлиги; 7–11-синфда ўқийдиган қизлар учун тиззадан юқори бўлмаган, классик услубда тикилиши, юбка кийиб юрилганида тиззадан тепасини тўлиқ ёпиши ва тиззадан пастга кўпи билан 12 см.гача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Яъни, қиз болалар учун юбканинг тўпиққача узун бўлишига тақиқ киритилган. Бу қоида, албатта, айрим ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлиши турган гап.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси дизайнни ривожлантириш бўлими бошлиғи Камола Ғуломова ягона форма дизайнини тасдиқлашда ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилганини таъкидлаб ўтди. Нега унда юбканинг узун бўлмаслиги алоҳида банд сифатида мустаҳкамлаб қўйилган ва бу борада билдирилган фикрлар инобатга олинмаган?

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида ишловчи ўқитувчилар ягона форма жорий этилаётгани жуда тўғри қарор бўлганини таъкидлашмоқда. Улар таълим сифатини оширишда ўқувчиларнинг ижтимоий тенглигига эришиш асосий масалалардан бири эканлигини айтишмоқда.

Мактабларда аслида нима бирламчи бўлиши керак?

Албатта, давлат умумтаълим мактабларида формадан ҳам аввал ҳал қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Масалан, синфхоналар етишмаслиги. Йилдан йилга 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчилар рекорди янгиланмоқда. Бу йил ҳам уларнинг сони 700 мингдан ортади. Ўзбекистондаги 10 мингдан зиёд мактабларнинг аксарият қисмида (айниқса катта шаҳарларда) синфхоналар етишмаслигидан синфларда ўқувчиларнинг ўртача сони 40 нафардан ошади.

Қарийб барча мактабларда ўқитиш икки сменада олиб борилади. Ҳаттоки учинчи сменада ҳам дарс берадиган мактаблар бор. Аммо буларни бартараф этиш учун сезиларли ва жадал қадамлар ташланмаяпти.

Спорт заллари ва спорт майдончаларини-ку, гапирмай қўя қолайлик. Айрим туманларда вазият шу даражага етганки, спорт майдонлари тадбиркорларга пуллаб юборилмоқда.

Қўшимча бинолар қуриб синфдаги ўқувчилар сонини 25-30 нафардан қилиш, спорт заллари, спорт майдончалари қуриш, зарур ўқув ва бадиий адабиётлар, лабораториялар барпо этиш ва уларни реагентлар билан таъминлаш, ўқув қўлланмалари, кўргазмали қуроллар билан жиҳозлашдек барчага фойда келтирадиган вазифа турганда таълим учун масъулларнинг мактаб формасига тиш-тирноғи билан ёпишиб олиши тушунарсиз ҳодиса бўлмоқда. Ва, табиийки, турли тахмин, шубҳа, гумонлар урчишига сабаб бўлмоқда.

Хорижда мактаб формалари

Ривожланган давлатлардаги мактабларга эътибор берайлик. Уларда мактаб формаси мажбурий, деган гап йўқ. Ўқувчилар мактабга ўзи истаган, ўзи учун қулай кийимларда келишади (тўғрироғи, мактаб автобуслари олиб келади). Бир хилдаги формалар қоида тарзида фақат хусусий мактабларда жорий этилади. Улар мактабга формасиз келиш болада индивидуалликни, эркинликни ўстиради, деб ҳисоблашади. Армиядагидек бир хилда кийиниш болага ёшлигидан итоаткорлик ва биқиқликни сингдиради, деб ҳисобланади.

Германиядаги синф. Фото: deutsch-sprechen.ru
АҚШдаги синф. Фото: ptoday.ru
Финландиядаги синф. Фото: skazka-arkhyz.ru

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мажбурий мактаб формалари ён қўшнимиз Туркманистон ва Тожикистонда ҳам жорий этилган.

Тожикистондаги мактаб формаси. Фото: eurasianet.org
Туркманистондаги мактаб формаси. Фото: hvylya.net

Ўринли савол туғилади: биз мактаб таълимини юксалтиришда дунёнинг ривожланган давлатларидан андоза олишимиз керакми ва ҳар томонлама биздан ортда бўлган давлатлардан? Ўқувчиларни инкубатордан чиққандек бир хилда кийинтирган билан уларнинг билими ва савияси ошиб қолмайди. Бу аниқ.

Нега миллий мато эмас?

Шахсан мен пресс-тур давомида тикилаётган мактаб формалари ўзимизнинг миллий маҳсулотимиз бўлган матолардан эмас, Хитойдан импорт қилинаётган матолардан тикилаётганидан ниҳоятда таажжубландим.

Тикувчилик корхоналари вакилларини айтишларича, ўзимизнинг тўқимачилик корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган матолардан тикилган формалар ювилганда сувга ранги чиқиши, қуёшда ранги ўчиши, тезда питиғи (катишка) чиқиши билан тезда ўз сифатини йўқотган. Хитой матоси эса уч йилгача ўз рангини йўқотмаслиги, питиғи чиқмаслигига кафолат берилмоқда.

2017 йилда ташкил этилган «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси нега ўтган 5 йил ичида бу борада кўламли ишлар амалга оширмагани, нега юртимизда шу пайтгача керакли пайтда асқатадиган сифатли газлама маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани жумбоқлигича қолди.

Уюшманинг расмий сайтидаги миссиясига эътибор қаратамиз:

«Юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, унинг барча турларига ёрқин ва бетакрор деталларни қўшилган кийим-кечак ишлаб чиқаришни такомиллаштириб, ҳар бир хонадонда имкониятлар яратиш орқали ихчам ва гўзал муҳитни шакллантириб, Биз инсонларнинг ҳаётини яхшилашга ҳаракат қиламиз».

Мактаб формасининг бир хил дизайнда унификация қилиниб, мажбурийлаштирилиши — ота-оналар учун қўшимча солиқ, деб бемалол ҳисоблаш мумкин. Буни «ота-оналар барибир болаларини мактаб учун харажат қилиб, кийинтиришади-ку», дея оқлашмоқда масъуллар. Ҳар қандай баҳона, ҳар қандай важ келтирилмасин, бу иш барибир маълум бир соҳа ва доиранинг бойишига хизмат қилаётгандек.

Чунки форма тикиладиган мато ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмайди, Хитойдан импорт қилинмоқда. Агар мато ўзимизнинг тўқимачилик фабрикаларимизда ишлаб чиқарилганида «миллий енгил саноатимизни ривожлантириш учун босилаётган қадам», деб баҳолаш мумкин эди.

Энди нима бўлади?

Энди маҳаллий ҳокимликлар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари, мактаб директорлари ота-оналарни ёппасига мажбурлай бошлашади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Кийим тикувчи тадбиркорлар ҳам туманларни бўлиб олиб, ўз маҳсулотини ўтказишга киришиб кетибди.

Мажбурлаш бор жойда коррупцион омиллар ҳам пайдо бўлади. Айтайлик, ўз корхонасининг маҳсулотини ўтказиш учун тикувчилик корхоналари туман халқ таълими бўлимлари, йирик мактаб директорларига пул таклиф қила бошлашлари мумкин. Бундай дейишимизга тўла асос бор. Суриштирувларимизга кўра, таъминотчи корхоналар аллақачон вилоятлар, туманлар ва мактабларни тақсимлаб олишган.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари соҳада тикувчилик корхоналари ниҳоятда кўплиги, барча ҳудудларда мавжудлиги, форма тикувчи корхоналар ўзаро рақобатга киришиши, бу эса монополияни бартараф этиши, шунинг ортидан ўша бир хилда тайёрланаётган мактаб формалари каррасига қиммат бўлиб кетмаслигини айтиб ишонтиришмоқда. Қолаверса, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига формалар текинга берилар экан.

Фото: ХТВ матбуот хизмати

Лекин мактаб формалари 1–6 синф ўқувчилари учун 4 миллиондан ортиқ комплектда тайёрланиши керак. Мактаблар очилишига жуда кам вақт қолди. Текстил корхоналари улгуришармикан, деган савол ҳам ўртага чиқмоқда. Бунга жавобан, «ҳали 10 августдан мактаб ярмаркалари очилади, барчани форма билан таъминлашга улгурамиз», дея ишонтиришмоқда тикувчилик билан шуғулланувчи корхоналар.

Қолаверса, соҳада монополия йўқлиги таъкидланмоқда. Лекин бутун бошли Ўзбекистон учун айнан битта мато танлангани — монополиянинг ўзгинаси. Гарчи ундан турли корхоналарда маҳсулот тикилса-да. Бу масалада «ит» мана шу жойга «кўмилган». Ким баландпарвоз мақсадлари ортидан «қўлини истаётгани»ни аниқлаш учун матони Хитойдан Ўзбекистонга ким олиб кираётганининг тагига етиш кифоя.

Юқоридагилар гаплар билан мен ҳукумат қарори зудлик билан бекор қилиниши ё яна кечиктирилиши керак, демоқчи эмасман. Майли, мактаб формаси ҳам керак. Бироқ у турли-туман кўринишда бўлиши, қандай форма танлашни болаларнинг ота-оналари (мактаблардаги ота-оналар қўмитаси) ихтиёрига қўйиб бериш керак эди.

Мактабларда таълим сифатини ошириш, қўшимча синфхоналар қуриш ишига тезроқ ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, ёппа тарзда тезроқ киришиш керак. Барча ютадиган, формадан ҳам кўра фойдалироқ иш мана шу бўлар эди.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Top