10:42 / 12.09.2022
2446
Навоийда болалари касалланган боғча фаолияти вақтинча тўхтатилди

Прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган. 

Фото: Kun.uz

Kun.uz Кармана туманидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида 20 нафар бола ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ташхиси билан касаллангани ҳақида маълум қилганди. Навоий вилояти прокуратураси ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.

Таъкидланишича, 9 сентябрь куни Кармана туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 10 нафар бола умумий ҳолсизлик, қусиш ва ич кетиши каби клиник белгилар билан ётқизилган.

Беморларга ошқозон-ичак фаолияти бузилиши ташхиси қўйилиб, уларнинг 9 нафарига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва аҳволи қониқарли бўлгани сабабли касалхонадан чиқарилган. 1 нафар бола бошқа касаллик аломатлари билан даволанмоқда. Ҳолат юзасидан Кармана туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Экспертиза текшируви учун тегишли намуналар олиниб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган”, — дейилади прокуратура хабарида.

Навоий вилояти Мактабгача таълим бошқармаси ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирган. Унга кўра, мазкур боғча фаолияти 10 сентябрдан вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, ўтказилган дастлабки ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан таъминотчи корхона – “Kids Maxi Navoiy” МЧЖ раҳбари Пўлат Аҳмедовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 

Top