08:20 / 16.09.2022
11022
Еврокомиссия раҳбари Киевда: урушнинг 204-кунидаги асосий воқеалар

Европа комиссияси раҳбари Киевга етиб келди. Россия кучлари яна Кривий Риг гидротехника иншоотларига зарба берди. АҚШ Қодиров ва унинг оиласига қарши санкциялар киритди. 

Фото: Reuters

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини 204-кунида, 15 сентябр, пайшанба куни Россия қўшинлари қўшни давлатнинг қўлга олинган аҳоли пунктларини назорат остида ушлаб туришга уринишни, Украина Қуролли кучлари (УКК) ва унинг ҳудудий мудофаа бўлинмалари эса тажовузга қаршилик кўрсатишни давом эттирди. Украина жануби ва шарқида Украина кучларининг қарши ҳужуми давом этмоқда. Уришаётган томонлар вакиллари баёнотларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ. 

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия ҳаво ва ракета зарбалари, шунингдек, ялпи ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутилган Украинанинг 20 дан ортиқ аҳоли пункти, хусусан, Кривий Риг, Никопол, Билогирка, Маринка, Вилхивка, Оскил, Миколаив, Очакив, Любомиривка, Гуляйполе ва Мирне инфратузилмаси зарар кўрган. «Сутка давомида душман Украина ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига 5 та ракета, 5 та авиация зарбаси берди ва реактив артиллерия тизимларидан 23 марта ўқ узди», — дейилади Бош штабнинг кечки тезкор ҳисоботида.

Украина Бош штаби, шунингдек, «душманнинг Слобожанске йўналишида сезиларли йўқотишлари» ҳақида хабар берди. «Шу тариқа, ҳарбий ҳаракатларда қатнашган оккупацион кучларнинг 2-армия корпусининг 202- ва 204-ўқчи полклари Луганск области вақтинча ишғол қилинган ҳудудига шошилинч равишда олиб чиқилиб, тарқатиб юборилди. Шахсий таркибнинг қолган қисми сафарбарлик резерви бўлинмалари ўртасида тақсимланди. Новоайдар аҳоли пунктида ярадорлар кўплиги сабабли фуқаролик тиббиёт муассасалари, жумладан, болалар шифохонаси зудлик билан ҳарбий госпиталларга айлантирилмоқда», дейилади маълумотда. 

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россиянинг ҳарбий хизматчилар захирасини маҳкумлар ҳамда давлат корхоналари ва муассасалари ходимлари ҳисобидан, шунингдек, «кўп болали оилалар учун ҳарбий хизматга чақириш бўйича чекловларни бекор қилиш ва миллий асосда тузилган ҳудудий батальонларни мажбуран ташкил этиш орқали» тўлдириш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. 

Айни пайтда, Россия кучлари Кривий Ригнинг муҳим инфратузилмасига иккинчи кундан бери зарба бермоқда. «Яна иккита зарба гидротехника иншоотлари ҳудудига берилди», деб ёзди шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Вилкул Telegram’да. У Россия ҳужумини «террорчилик ҳаракати» деб атади. «Кривбаснинг фақат тинч аҳоли билан боғлиқ муҳим инфратузилмасига қанотли ракеталар билан зарбалар берилди. Йўқотишлар йўқ», - деди у. 

Украина президенти Володимир Зеленский бир кун аввал туғилиб ўсган шаҳрининг ўққа тутилиши, натижада Карачуни сув омбори тўғони бузилгани ва шаҳарнинг муҳим қисми сув остида қолганини изоҳлар экан, Россия ҳарбийларини «тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонлар» деб атади. «Тарихни инсонлар ёзади, инсон бўлмаганлар - ҳеч қачон. Сиз тарихда ким бўлиб қоласиз? Бу ракеталар билан зарба берганлар бўлиб. Бизнинг ерга келганлар сифатида. Нимжонлар. Сиз - тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонларсиз. Жанг майдонидан қочиб, узоқдан зарар етказмоқчи бўлаётган қабиҳлар. Сизлар ўз набираларингиз уяладиган террорчилар бўлиб қоласизлар», деди Зеленский Россия ҳарбийларига рус тилида мурожаат қилиб. 

Шунингдек, Россиянинг Кировоград областидаги инфратузилма объектларига ракета зарбалари бергани хабар қилинган. «Петровский ҳудудига душман ракеталарининг келиши қайд этилган. Босқинчи инфратузилма объектларини ваҳшийларча йўқ қилишга уринмоқда. Битта ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа орқали уриб туширилди», деб ёзди Telegram’да област ҳарбий маъмурияти бошлиғи Андрей Райкович. Райкович қандай объектлар ҳақида гап кетаётганини айтмади.

Россиянинг Украина билан чегарадош минтақаларида Украина томонидан ўқ узилаётгани ҳам хабар қилинмоқда. Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Украина билан чегарадаги «Нехотеевка» назорат-ўтказиш пункти яқинида ёнғин чиққани ҳақида хабар берди. «Белгород тумани Нехотеевка қишлоғини ўққа тутиш давом этмоқда. Ўқлардан бири ёнилғи қуйиш шохобчасига тегиб, ёнғин содир бўлди. Қурбонлар йўқ, ёнилғи қуйиш шохобчаси узоқ вақтдан бери ишламаётганди. Ёнилғи йўқ. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари воқеа жойига жўнаб кетишди», деди у. Кейинроқ Гладков текширув давомида божхона терминалига зарар етказилгани аниқланганини айтди. 

Киевга Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ташриф буюрди. У Украинанинг Россияга қарши урушдаги сўнгги ҳарбий муваффақиятларини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, у жараённи ҳали мустаҳкамлаш кераклигини тушунади, «лекин Украина қуролли кучларининг жасорати ҳайратланарли». Фон дер Ляйен Украина раҳбарини Брюссел Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттиришига ишонтирди. «Украиналиклар, қурбонлар кўлами бўйича биз ҳеч қачон сиз билан тенглаша олмаймиз, аммо шуни айтишимиз мумкинки, сизнинг европалик дўстларингиз қанча вақт керак бўлса, шунча сиз билан бирга бўлишади», - деб ваъда берди ЕК раиси.

Зеленский, ўз навбатида, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинани Россия зарбаларидан ҳимоя қилишнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Киев ушбу мудофаа тизимларини етказиб бериш эҳтимоли бўйича Исроилдан ҳалигача ижобий жавоб олмаган. Бу Еврокомиссия раҳбарининг уруш бошланганидан бери Украинага учинчи ташрифидир.

Европарламент Европа комиссиясининг Украинага 5 миллиард евро миқдорида макромолиявий кредит бериш ҳақидаги таклифини маъқуллади. «Бу ЕИнинг 9 миллиард евро миқдоридаги қўллаб-қувватлаш пакетининг иккинчи ва энг йирик транши бўлиб, шундан 1 миллиард евроси ўзлаштирилди. Комиссия Киевдаги ҳукуматга жуда қулай шартларда кредит беради», - дейилади европалик депутатларнинг овоз бериш натижаларига кўра берган баёнотида. Қонун лойиҳаси Европарламентнинг шошилинч тартиби доирасида маъқулланган. У 534 овоз билан қабул қилинди, 30 депутат қарши чиқди, 26 нафари эса бетараф қолди.

Шу билан бирга, Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт Берлин Украинага яна иккита MARS ялпи ўт очиш реактив тизими (ЯЎРТ) ва 50 та Dingo зирҳли техникаси етказиб беришини маълум қилди. Украина талаб қилган пиёда жанговар машиналари ва жанговар танкларни етказиб бериш ҳақида Ламбрехт эълон қилмади. 

Россия ва Хитой раҳбарлари Владимир Путин ва Си Жинпинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтаётган Самарқандда учрашди. Украинада уруш бошланганидан бери биринчи учрашувда улар бирдамликни намойиш этди. Путин Пекиннинг Россиянинг Украинага қарши урушига нисбатан «мувозанатли» позициясини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, Москва ва Пекин биргаликда «халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг марказий ролига асосланган» кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш тарафдори ҳамда Россия-Хитой ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун янги турткига умид қилмоқда. 

Хитой Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини қоралади ва Путиннинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини тушунишини билдирди. Си Путинни «эски дўст» деб атади, Хитой «шундай тез ўзгариб бораётган дунёни барқарор ва ижобий ривожланиш йўлга солиши» учун Россия билан ҳамкорлик қилишини айтди. 

АЭХА бошқарувчилар кенгаши Россиядан Запорижжя атом электр станциясини (ЗАЭС) босиб олишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди, деб хабар бермоқда Reuters 35 давлат вакилларининг ёпиқ мажлисидаги дипломатик манбаларга таяниб. Бу - бошқарувчилар кенгаши томонидан қабул қилинган иккинчи қарор бўлиб, биринчиси март ойида, ЗАЭС рус қўшинлари назоратига ўтишидан олдин тасдиқланган. Reuters хабарига кўра, ҳозирда кенгашнинг 26 давлати ҳужжатни қўллаб-қувватлаган, етти давлат бетараф қолган, иккитаси – Россия ва Хитой қарши чиққан.

Айни пайтда АҚШ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров, унинг уч нафар хотини ва уч нафар фарзандига қарши санкциялар жорий қилди. Ҳаммаси бўлиб, янги рўйхатга Россиянинг 40 дан ортиқ жисмоний шахслари ва 30 дан ортиқ юридик шахслари киради. Қодировнинг ўзи ҳам шу куни Россия минтақалари «ўзини сафарбар қилиш»ни амалга ошириши ва Украинадаги урушга жўнатиладиган кўнгиллиларни тайёрлаши кераклигини айтди. «Кремл ҳарбий ҳолат эълон қилишини кутиш ёки аксинча, Украинадаги «махсус ҳарбий операция» тугашини пойлашнинг ҳожати йўқ, деб ёзди у Telegram’да. 

Ўз навбатида, Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Украинани қайта тиклаш учун, афтидан, тахминан 350 миллиард евро керак бўлишини айтди. Унинг тушунтиришича, бу миқдор унга Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко томонидан берилган. Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, бундай маблағни тўплаш учун хусусий сармоя самарадорлигини ошириш жамғармасини ташкил этиш керак. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top