16:26 / 19.09.2022
4054
Киев Пивденноукраинска АЭС ўққа тутилгани ҳақида хабар берди

19 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Миколаивска областидаги ПАЭСни ўққа тутди, портлаш ядровий реакторлардан 300 метр узоқликда содир бўлди, дея хабар берди «Энергоатом». Украина президенти Россия бутун дунёни хавф остига қўяётганига ишора қилди.

Фото: Енергоатом

Россия ҳарбийлари Миколаивска областида жойлашган Пивденноукраинска атом электр станциясининг саноат зонасига ракета ҳужуми уюштирди. Ўққа тутиш кеча тунда амалга оширилди, деб хабар берди Украинанинг «Энергоатом» давлат корхонаси 19 сентябр, душанба куни Telegram-каналида. 

Атом электр станцияси реакторларидан атиги 300 метр масофада кучли портлаш содир бўлган, станция биноси зарба тўлқинидан зарар кўрган, 100 дан ортиқ деразалар синган, Пивденноукраинска энергетика мажмуасининг бир қисми бўлган Олександривска ГЭС гидроагрегатларидан бири ўчирилди, дейилади баёнотда. «Пивденноукраинска АЭСнинг барча учта энергоблоки нормал ишламоқда. Яхшиямки, станция ходимлари орасида жабрланганлар йўқ», - дея хабар берди «Энергоатом». Корхона ПАЭС ҳудудидан олинган суратларни эълон қилди ва ракета зарбасидан диаметри 4 метр ва чуқурлиги 2 метр бўлган чуқур қолгани ҳақида хабар берди. 

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Telegram-каналида россияликлар Пивденноукраинска атом электр станцияси (ПАЭС)ни ракеталар билан ўққа тутгани акс этган видео эълон қилинди. «Оккупантлар яна ўқ отмоқчи бўлишди, лекин улар атом станцияси нима эканлигини унутиб қўйишди. Россия бутун дунёни хавф остига қўймоқда. Биз уни жуда кеч бўлмасдан тўхтатишимиз керак», - деб ёзган Зеленский постида. 

Ўз навбатида, Украина энергетика вазири Герман Галушченко Россия дунёни ядровий фалокат ёқасига қўйганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АЭСни ўққа тутиб, Россия «Европа энергетик шантажида ҳеч бўлмаганда қандайдир имтиёзларга эришмоқчи». «Европа Россиянинг энергетик тажовузкорлигига қарши туришда қатъийлик кўрсатмоқда, бироқ Украинада рус ядро террорини тўхтатиш зарурати икки томонлама ҳаракатни талаб қилади. Агар ядровий қиш келса, электр энергиясининг юқори нархлари муаммоси долзарб бўлмайди», - деди у Facebook’да. 

Сўнгги ҳафталарда доимий ўққа тутилаётган, ядровий фалокатдан бир қадам нарида турган Запоризка атом электр станциясидаги вазият жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. ЗАЭС март ойининг бошидан бери рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинган, аммо украиналик ходимлар томонидан унда ишлашда давом этмоқда. Москва ва Киев бир неча бор бир-бирини ЗАЭСни ўққа тутишда айблади. АЭХА миссияси сентябр ойи бошида станцияда бир неча кун бўлди, сўнгра икки мутахассис объектда қолди. 11 сентябрда «Энергоатом» ЗАЭС тўлиқ тўхтатилганини билдирди, 17 сентябрда эса АЭХА Украина энергетика тизимига янги уланиш ҳақида эълон қилди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top