08:11 / 22.09.2022
5355
Зеленский БМТни Россия бўйича махсус трибунал тузишга чақирди

Украинага қарши жиноий тажовуз учун Россияни жазолаш мақсадида махсус трибунал тузилиши керак, деди Украина президенти БМТ Бош ассамблеясида видео-алоқа орқали сўзлаган нутқида.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский БМТни Россиянинг Украинага ҳужуми бўйича махсус трибунал тузишга чақирди. 22 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси БМТ Бош ассамблеясида видео-алоқа орқали чиқиш қилган Зеленский: «Украинага қарши жиноят содир этилди ва биз адолатли жазо берилишини талаб қиламиз» деб маълум қилди. Бундан ташқари, унга кўра, Украина учун компенсация жамғармаси яратилиши, бунинг учун маблағ Россия томонидан тақдим этилиши керак.

Украина президенти, шунингдек, Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқидан маҳрум қилишни таклиф этди. Бундай чора-тадбирлар келажакдаги потенциал тажовузкорлар учун «сигнал» бўлади, улар урушлар учун «бутун дунё олдида жавобгарликка тортилиши» мумкинлигини тушунишлари керак, деди Володимир Зеленский.

У халқаро ҳамжамиятни Украинага қурол етказиб беришни давом эттиришга чақирди.

Зеленский ўз нутқида беш банддан иборат «тинчлик формуласи»ни таклиф қилди, унинг амалга оширилиши Украинадаги урушни тугатишга ёрдам беради. Биринчи банд - тажовузкор давлатни чегараларни бузганлик учун жазолаш, шу жумладан санкциялар ва у билан савдо алоқаларини тўхтатиш орқали. Иккинчи банд - ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ҳаётини ҳимоя қилиш ҳуқуқи. Учинчи банд - хавфсизликни, жумладан, озиқ-овқат ва ядро хавфсизлигини, шунингдек, ҳудудий яхлитликни тиклаш. Тўртинчи банд - хавфсизлик кафолатлари. «Тинчлик формуласи»нинг бешинчи банди – ҳимоя қилиш ва ёрдам беришда қатъийликдир. «Бизнинг формуламизда бўлмаган нарса - бу бетарафлик», - дея таъкидлади Украина президенти. У бетарафликни бефарқлик деб тушунтирди.

Володимир Зеленский БМТ Бош ассамблеяси иштирокчиларига видеоформатда мурожаат қилиш имконига эга бўлган ягона давлат раҳбари бўлди. Унинг нутқи сўнгида мажлис залига йиғилганлар Украина президентига туриб қарсак чалишди.

Апрель ойида Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) баҳорги сессияси иштирокчилари бир овоздан резолюцияни қабул қилишди, унга кўра Россия раҳбариятини судга тортиш учун махсус трибунал зарур. Украинадаги уруш пайтида содир этилган инсониятга қарши жиноятларда ва украиналикларнинг эҳтимолий геноцидида иштирок этган ҳар бир шахс халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жавобгар бўлади ва Россия раҳбариятида ҳам тинчликка қарши жиноятлар содир этгани учун айнан шундай тақдир бўлиши керак, дейилади ҳужжатда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top