10:51 / 23.09.2022
34144
Рамзан Қодиров: Чеченистонда сафарбарлик бўлмайди

Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, республика одамларни урушга жўнатиш режасини «ошириб бажарган» ва шунинг учун унда сафарбарлик амалга оширилмайди.

Фото: AP

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг айтишича, республикада сафарбарлик амалга оширилмайди, чунки Чеченистон уруш пайтида «режани ортиғи билан бажарди». Бу ҳақда 22 сентябр, пайшанба куни «Грозний» ЧГТРК телеканалида кўрсатилган сюжетга таяниб, «Кавказ.Реалии» хабар берди.

Қодировнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш даврида 20 минг чечен жанговар ҳаракатларда қатнашди, шунинг учун республика аллақачон «режани 254 фоизга ортиғи билан бажарган». Қодиров қандай режа ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади. 

Унинг сўзларига кўра, республикада керак бўлса урушга ҳам кета оладиган «минглаб кўнгиллилар захираси» мавжуд. «Аҳоли бундай муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигига ҳатто ўйламаган ҳам эди, аммо биз аллақачон ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйганмиз», деди Қодиров ва «Чеченистон Республикаси аҳолисини хотиржам бўлишга» чақирди. 

«Грозний» ЧГТРК телеканалида намойиш этилган сюжетда Қодиров бир кун аввал Грознийда урушга қарши митинг ўтказмоқчи бўлган 40 га яқин аёлнинг қариндошлари аллақачон сафарбар қилинганини ва Украинага жўнатилганини айтди, деб ёзади «Кавказ.Реалии». Бу ҳақда аввалроқ 1ADAT мухолифат ҳаракати вакили Иброҳим Янгулбоев хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, бу аёлларнинг қариндошлари гўёки кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтганликлари ҳақидаги ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлган.  

  • 15 сентябр куни Қодиров Россия минтақалари раҳбарларини Кремль кўрсатмаларини кутмасликка ва Украинадаги урушга минг нафардан кўнгиллини жўнатиб, «ўзини ўзи сафарбар қилиш»га чақирди.
  • Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни мамлакатда «қисман сафарбарлик» бошланганини эълон қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, қўшинларга 300 мингга яқин одамни чақириш режалаштирилган. Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарлик эълон қилинганидан кейин норозилик намойишлари ўтказилди. Бундан ташқари, мамлакатдан учиб кетиш учун авиачипталарга талаб кескин ошган.
Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top