21:49 / 24.09.2022
9054
Тожикистон бош прокуратураси қирғизистонлик ҳарбийлар ва фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатди 

Аввалроқ Қирғизистон бош прокуратураси тинчликка қарши жиноят моддаси бўйича жиноят иши қўзғатганди. 

Фото: РИА Новости

Тожикистон бош прокуратураси бир гуруҳ Қирғизистон ҳарбий хизматчилари ва фуқароларига зўравонлик, икки ва ундан ортиқ кишини ўлдириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро меъёрларни қасддан бузиш айбловлари бўйича жиноят иши қўзғатди.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, қирғиз ҳарбийлари Тожикистон мустақиллиги, яхлитлигига путур етказиш ва мамлакат ҳудудини босиб олиш мақсадида турли русумдаги ҳарбий техника ва ўқотар қуроллардан фойдаланиб Исфара, Конибодом, Бобожон Ғофуров, Жаббор Расулов ва Лаҳш шаҳар ва районларидаги Тожикистон чегара ўтказув пунктлари ва аҳоли масканларига қуролли ҳужум уюштирган.

«Қирғизистон Тожикистон ҳудудини эгаллаб олиш мақсадида аввалдан тажовузкор урушни режалаштирган ва чегараолди районларда оғир турдаги ерусти ва ҳаво ҳарбий техникаларини ва кўпсонли ҳарбийларни жойлаштирган. Шу билан бирга, Қирғизистоннинг чегара атрофида яшайдиган 140 мингдан ортиқ фуқароси аввалдан бошқа районларга эвакуация қилинган», - дейилади баёнотда. 

Қайд этилишича, қирғиз ҳарбийлари Тожикистоннинг 4 шаҳар ва районига бирданига ҳужум уюштирган, улар қасддан мактаб, масжид, шифохона каби фуқаролик объектларига ҳужум қилган.

Тожикистон бош прокуратураси (тажовузкор уруш келтириб чиқариш ёки олиб бориш, икки ва ундан ортиқ шахсларни ўлдириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрларни қасддан бузиш, диверсия каби моддалар билан жиноят иши қўзғатган.

Аввалроқ Қирғизистон бош прокуратураси тинчликка қарши жиноят моддаси бўйича жиноят иши қўзғатганди.

Қирғизистон маълумотларига кўра, Тожикистон билан чегарадаги можаро кескинлашиши натижасида мамлакатнинг 59 нафар фуқароси ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони 183 кишини ташкил қилган.  

Тожикистон томони ўз навбатида 41 нафар тожикистонлик ҳалок бўлгани, 30 га яқин киши жароҳатланганини билдирди. 

Top