09:55 / 28.09.2022
5605
Доғистонда сафарбарликка қарши бўлганларга жиноий иш қўзғатилмоқда

Доғистон Жамоатчилик палатаси аъзосига кўра, сафарбарликка қарши митинг чоғида қўлга олинганларга нисбатан аллақачон ўндан ортиқ жиноий иш тайёрлаб қўйилган.

Фото: Picture Alliance

Республикада сафарбарликка қарши митингда қўлга олинган 100 га яқин шахс Махачқалъанинг Советский тумани ички ишлар бўлимида қолмоқда ва уларнинг ўндан ортиғига нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин. Бу ҳақда 27 сентябр, сешанба куни Доғистон Жамоат палатаси аъзоси Шамил Хадулаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти ёшлардир. «Доғистон ОНК комиссияси аъзолари Советский тумани ички ишлар бўлимидан чиқиб, у ерда 100 га яқин одам борлиги ва барчаси ёшлар эканини маълум қилишди. Йигитлар ва қизлар. Талабалар ҳам бор, улар энди ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигидан хавотирда», деб ёзди Хадулаев Telegram-каналида.

Митинг иштирокчиларига нисбатан ўндан ортиқ жиноий иш қўзғатиш  учун материаллар аллақачон тўпланган, «чунки йигитлар полициячилар билан уришган ва ҳатто полициячилар жароҳат ҳам олган», деди у ва бугун «улар ҳаммани озод қилишга ҳаракат қилишини, бироқ жиноий жавобгарликка тортиладиганлар қолишини» қўшимча қилди.

25 ва 26 сентябрь кунлари Махачқалъада Украина билан урушга сафарбарликка қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. «Кавказ.Реалии» нашри хабарига кўра, 25 сентябр куни 120 га яқин одам қўлга олинган. Улардан саккиз нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Эртаси куни полиция бўлимларига 110 га яқин одам олиб кетилди, улардан камида 28 нафари вояга етмаганлар бўлган. Қўлга олинганлар Хасавюртда ҳам бор, у ерда ҳам сафарбарликка қарши митинг ўтказилган - уларнинг сони 20 га яқин.

Махачқалъанинг Советский туман суди Доғистондаги митинглар натижалари бўйича бир нечта маъмурий баённомалар олди, деб ёзади «Кавказ.Реалии». Айни пайтда оммавий тадбир ўтказиш тартибини бузиш моддаси бўйича иккита ва маълумотлари яширинган ўндан ортиқ иш мавжуд.

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top