12:42 / 01.10.2022
10808
Навалний: Россиянинг келажаги «қаттиққўлларда» эмас, келишувда

Россиялик мухолифатчи Навалнийнинг фикрича, фақат парламент бошқарув шакли Россияни авторитаризмдан қутқаради. Унинг ишонч билдиришича, ёш руслар Украинадаги уруш ва Россиядаги «империя истерияси»дан норози.

Фото: Picture Alliance

Таниқли россиялик мухолифатчи, қаттиқ режимли колонияда жазо муддатини ўтаётган Алексей Навалний Россиянинг Украинага қарши урушини танқид қилиб, Россияда бошқарув шаклини ўзгартириш тарафдори эканини айтди. «Россия (Путин) бу урушда ғалаба қозонмаслиги керак. Украина ўзини ҳимоя қилишга қодир мустақил демократик давлат бўлиб қолиши керак», деб ёзади у 30 сентябр, жума куни The Washington Post газетасида чоп этилган шарҳида.

Навалнийнинг фикрича, «Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлар аҳолисининг аксарияти ва ёш сайловчилар уруш ва империя истериясига қарши позицияда». Шу билан бирга, мухолифатчи Украина билан урушда Россияни мағлуб этиш - фақат тактик вазифа эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, стратегик вазифа Россиянинг «тажовузкорлик ва беқарорлик манбайи бўлишдан тўхташини» таъминлашдан иборат бўлиб, унинг фикрича, бунга фақат Россияда бошқарув шаклини ўзгартириш орқали эришиш мумкин. 

«Россия учун келажак қиёфаси - «кучли ҳокимият» ва «қаттиққўллар» эмас, балки розилик, келишув ва бутун жамият манфаатларини ҳисобга олишдир. Россияга парламент республикаси керак ва фақат у ўзидан ўзи тикланаётган империал авторитаризм циклини тўхтатади», - деди Алексей Навалний. 

Бунинг исботи сифатида у собиқ СССР мамлакатларидаги вазиятни келтирди. «Парламентли республика моделини танлаган мамлакатлар (Болтиқбўйи мамлакатлари) ривожланмоқда ва муваффақиятли Европанинг бир қисмига айланди. Президентлик-парламент моделини танлаганлар (Украина, Молдова, Грузия) ҳокимиятни тортиб олишга мунтазам уринишлар билан тинимсиз курашмоқда. Бироқ, «кучли президентлик ҳокимияти» йўлидан юрган давлатлар (Россия, Беларус ва Марказий Осиё айрим мамлакатлари) истисносиз ҳаммаси қаттиқ авторитаризмга тушиб қолган ва кўп ҳолларда доимий равишда қўшнилари билан ўзларининг кичик империялари орзусида ҳарбий можароларга аралашиб кетган», - дея тушунтирди сиёсатчи. 

«Стратегик ғалаба Россияни ушбу муҳим тарихий нуқтага қайтариш ва рус халқига тўғри танлов қилишига имкон беришдир», - дея хулоса қилди Навалний. 

Мавзуга оид
Top